Бозор кайфияти ёмон: Биткоин нархи рекорд даражада тушди
Бизнес
−
18 Ноябрь 4796 1 дақиқа
Бугун, 18 ноябрь куни биткоин нархи 90 минг АҚШ долларидан пастлаб, инвесторларнинг молия бозорида таваккалчилик иштаҳаси сўниб бораётганининг навбатдаги ишораси бўлди. Таъкидлаш керакки, бу сўнгги етти ой давомидаги энг паст даража ҳисобланади. Бу ҳақда "Reuters" хабар берди.
Рискка сезгир криптовалюта 2025 йилдаги барча ўсишни йўқотди ва октябрь ойидаги 126 минглик чўққидан қарийб 30% пастлади. Жумладан, Осиёда бугун, 18 ноябрь туш вақтида биткоин яна 2% пасайиб, 89,953 долларни ташкил қилди ва ўтган ҳафтадаги 98 минг долларлик барқарорлаштирилган нарх чизиғидан анча пастга тушди.
Нашрнинг ёзишича, нарх тушишига АҚШ фоиз ставкалари бўйича ноаниқликлар, бозор кайфияти ёмонлашуви ва катта компанияларнинг ўз биткоинларини сотиб юбориши сабаб бўлмоқда. Бу эса занжирсимон пасайишни кучайтирмоқда.
Биткоин тушиши билан бирга крипто билан боғлиқ MicroStrategy, Riot Platforms, Marathon Holdings ва Coinbase каби компаниялар акциялари ҳам пасаймоқда. Бутун дунё криптовалюта бозори босим остида, айниқса технология акциялари пастламоқда. Хусусан, сўнгги ойлар давомида қадрсизланаётган Ether ҳам августдаги чўққидан 40% арзонлашган.
Инвесторлар хавотирда, чунки йил бошида биткоин нархи пасайишидан сўнг акциялар бозорида катта тушиш кузатилганди. Мутахассислар октябрдаги катта йўқотишдан буён крипто бозоридаги кайфият жуда пастлигини айтмоқда. Агар бозор нотинчлиги давом этса, биткоин нархи 75 минг долларигача пасайиши мумкин.