Бразилияда ҳиндулар иқлим конференциясига бостириб кирди (видео)
Олам
−
12 Ноябрь 15069 1 дақиқа
Кеча, 11 ноябрь куни Бразилияда ўтказилаётган иқлим бўйича конференцияга туб аҳоли вакиллари бостириб кириб, Амазонка ўрмонларининг кесилишига қарши норозилик билдирди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўнлаб маҳаллий халқ вакиллари Белен шаҳрида ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси ҳудудига киришга уринган. Норозилар қўриқчилар билан тўқнашувга кирган, оқибатда айримлар жароҳат олган. Қўриқчилар уларни орқага суришга муваффақ бўлган. Конференция иштирокчилари вазият барқарорлашгунча бино ичида қолишга мажбур бўлган, кейинроқ уларга ташқарига чиқишга рухсат берилган.
Бразилиянинг туб аҳолиси етакчилари ўз позициялари ўрмонлардан фойдаланиш бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида инобатга олиниши кераклигини талаб қилмоқда. Каяпо халқининг нуфузли вакилларидан бири Раони Метуктире бразилиялик кўплаб туб аҳоли саноат ва қурилиш лойиҳаларидан норози эканини айтиб, ҳукуматни Амазонкани ҳимоя қилиш учун уларга кўпроқ ҳуқуқлар беришга чақирган.
Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва конференция арафасида маҳаллий халқларни “музокараларнинг муҳим иштирокчилари” деб атаган.
Маълумот учун, иқлим ўзгариши бўйича БМТнинг 30-конференцияси – COP30 Париж келишувининг имзоланишидан 10 йил ўтиб, Бразилияда ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйлаб ҳар йили қарийб 10,9 миллион гектар ўрмон йўқолаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь