Бразилияда кучли ёмғир: уйлар оқиб кетди, 30 киши ҳалок бўлди

Олам

image

Кучли ёмғирлардан сўнг Бразилиянинг Жуис-ди-Фора ва Уба шаҳарларида тошқин ва ер кўчкилари юз берди. Оқибатда 30 киши ҳалок бўлди, кўплаб одамлар бедарак йўқолди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Маълумотларга кўра, Бразилиянинг Минас-Жерайс штатида кучли ёмғирлар тошқин ва бир нечта кўчкиларга сабаб бўлган. Қутқарувчилар қурбонлар борлигини маълум қилган, уларнинг аксарияти Жуис-ди-Фора шаҳрида қайд этилган.
 
Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ҳалок бўлганларнинг оилаларига ва уй-жойидан айрилганларга чуқур ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, у ҳукумат Жуис-ди-Форада фавқулодда ҳолат эълон қилганини маълум қилган. Президент зарар кўрган ҳудудни қўллаб-қувватлаш учун ҳукуматни сафарбар этганини айтиб, асосий эътибор гуманитар ёрдам кўрсатиш ва тиклаш ишларини қўллаб-қувватлашга қаратилганини таъкидлаган. 

Маълум қилинишича, фақат Жуис-ди-Форанинг ўзида қарийб 440 киши бошпанасиз қолган ёки уйини тарк этишга мажбур бўлган. Маҳаллий ҳокимият вақтинчалик тураржой билан таъминламоқда ҳамда сув, озиқ-овқат, кийим-кечак ва гигиена воситалари кўринишида хайрия ёрдами сўрамоқда.

Шаҳар мэри Маргарида Саломао бу фожиани ўзининг маҳаллий бошқарувдаги беш йиллик фаолияти давомидаги “энг қайғули” воқеа деб атаган ва фожиа оқибатида ҳалок бўлган Жуис-ди-Фора аҳолисининг хотирасига уч кунлик расмий мотам эълон қилган.
 
“The Guardian” ёзишича, ҳозирга қадар 30 кишининг ҳалок бўлгани тасдиқланган, яна 39 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида. 200 дан ортиқ одам қутқарилган.

Ёнғин-қутқарув хизмати ва қидирув итлари вайроналар остида қолган, ҳануз бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган 39 кишини қидириш ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, Жуис-ди-Форанинг тепалик ҳудудида 12 та уй йирик кўчки оқибатида бутунлай оқим билан ювилиб кетган.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция жануби-ғарбида сув тошқини хавфи энг юқори – “қизил” даражага чиққани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ёмғир Бразилия тошқин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг