Буданов Украинани қийин давр кутаётганини айтди
Олам
−
22 Апрель
8833Украина май-июнь ойларида қийин вазиятга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов BBC’га берган интервьюсида сўз очди.
Украина разведкаси раҳбари қийин давр май ойининг ўрталарида – июнь ойининг бошларида бўлишини тахмин қилмоқда. Бу вақт Зеленскийнинг ваколат муддати тугашига тўғри келади. Разведка аввалроқ баҳорда "Майдан-3" ҳақида огоҳлантирган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий амалиётлар нуқтаи назаридан ҳам, ички сиёсий вазиятда ҳам қийинчиликлар бўлади.
“Бу интеграциялашган ёндашув, чунки россияликлар интеграциялашган ёндашувдан фойдаланади. Улар мураккаб операция ўтказмоқда. Биз бу ҳақда узоқ вақт гаплашмаймиз. Май ойининг ўрталаридан июнь ойининг бошигача бўлган вақт қийин давр бўлади”, дейди у.
20 май куни Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ваколат муддати тугайди. Давлат раҳбари сайлови 31 март куни бўлиб ўтиши керак эди, бироқ мамлакатда ҳарбий ҳолат режими жорий этилгани сабабли уларни ўтказиш, қонунларга кўра, тақиқланган. Худди шу сабабга кўра, 2023 йилда Олий Радага сайловлар ўтказилмаган.
Қайд этиш жоизки, Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков 21 майгача Зеленский ҳукуматининг қонунийлиги масаласида Россия позицияси ҳақида қарор қабул қилинишини маълум қилган. Зеленский ўтган йили Москва “Майдан-3” операциясини тайёрлаётганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу уни лавозимидан бўшатишга қаратилган ва 2023 йил охирига режалаштирилган. Февраль ойида Украина Президенти ҳузуридаги разведка қўмитаси операция доирасида Россия томони Украина расмийларининг 20 майдан кейин қабул қилинган қарорларининг қонунийлигига шубҳа қилаётганлиги ҳақида хабар берган эди.
Қўмита маълумотларига кўра, “Майдан-3” режаси бўйича июнь ойининг биринчи ярмида Украинадаги вазият "чайқалади". Бундан фойдаланиб, Россия шарқда Украина Қуролли кучларини мағлубиятга учратиши мумкин.
Будановнинг айтишича, операция "давом этмоқда ва олдинга силжияпти".
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польшада Украина Президенти Владимир Зеленскийга суиқасд уюштиришда гумон қилинган шахс қўлга олинганди.
Мадина Отабоева