Дунёда ўлим жазоси бўйича 44 йиллик рекорд янгиланди

Олам

image

Ўтган йили дунёда ўлим жазоси ижролари сони Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бундай статистикани юритишни бошлаган 1981 йилдан бери энг юқори даражага етди. 2025 йилда дунёнинг 17 та давлатида 2707 киши қатл этилган. Бу 2024 йилдагига нисбатан 78 фоизга кўп. Бу ҳақда ташкилотнинг “Ўлим ҳукмлари ва ижролари 2025” номли йиллик ҳисоботида келтирилган.

Amnesty бундан ҳам юқори кўрсаткични фақат 1981 йилда қайд этган – ўшанда 3191 та қатл рўйхатга олинган. Бу йилги ўсишнинг асосий манбаси Эрон бўлган. 2025 йилда ушбу мамлакатда камида 2159 киши қатл этилган, бу бир йил олдингига нисбатан икки баравар кўп демакдир. Дунёдаги жами қайд этилган ўлим жазоларининг қарийб 80 фоизи ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келди. 2025 йил июнь ойида Исроилнинг Эронга берган зарбаларидан сўнг расмийлар жосуслик ва Исроил билан ҳамкорлик қилиш айбловлари бўйича қатлларни бошлаб юборди. Ушбу айблов билан камида 11 киши қатл этилди, ваҳоланки зарбаларга қадар бу модда бўйича фақат икки киши қатл этилган.

Amnesty вакилларининг таъкидлашича, реал кўрсаткичлар бундан сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин, чунки статистика Хитойдаги минглаб қатлларни ўз ичига олмайди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг баҳолашича, Хитой ўлим ҳукмлари сони бўйича дунёда етакчи бўлиб қолмоқда. Ташкилот, шунингдек, ўлим жазоси қўлланилишда давом этаётган Шимолий Корея ва Вьетнам бўйича ҳам ишончли маълумотларни қўлга кирита олмаган. 2025 йилда тўртта давлат ўлим жазосини қўллашни қайта тиклади: Бирлашган Араб Амирликлари, Тайвань, Жанубий Судан ва Япония.

“Эрон, Яман, Хитой, Қувайт, Саудия Арабистони, Шимолий Корея, Сингапур ва АҚШ – ушбу давлатлар гуруҳи ўлим жазосидан қўрқитиш, ўзгача фикрловчиларни бостириш ва давлат институтларининг аҳолининг заиф қатламлари устидан чекланмаган ҳокимиятини намойиш этиш воситаси сифатида фойдаланмоқда”, дейди Amnesty International бош котиби Аньес Калламар.

Ташкилот маълумотларига кўра, Саудия Арабистонида қатл этилганлар сони асосан гиёҳвандликка оид ишлар туфайли камида 356 кишига етган. Қувайтда қатллар сони қарийб уч баравар ошган – 6 тадан 17 тагача. Мисрда бу кўрсаткич 13 тадан 23 тага, Сингапурда 9 тадан 17 тага, АҚШда эса 25 тадан 47 тага кўпайган. Қўшма Штатлар кетма-кет 17 йилдан бери қитъада ўлим жазоси қўлланиладиган ягона давлат бўлиб қолмоқда. АҚШда ҳукм ижросини кутаётган маҳбуслар сони 1948 нафарга етган, улардан 47 нафари аёллардир. Мамлакатдаги жами қатлларнинг деярли ярми – 19 таси Флорида штатига тўғри келди, бу мазкур штат учун 1972 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Amnesty International қатллар сони ортишининг асосий омилларидан бири сифатида гиёҳвандликка қарши кураш доирасида ўта қаттиқ чораларга қайтилганини кўрсатмоқда. Барча маълум бўлган қатлларнинг қарийб ярми (1257 таси) айнан шу турдаги жиноятлар учун ижро этилган. Бундай қатлларнинг асосий қисми Хитой, Эрон, Қувайт, Саудия Арабистони ва Сингапурда қайд этилган. Жазоир, Қувайт ва Мальдив ороллари гиёҳвандлик ишлари бўйича ўлим жазосини қўллашни кенгайтирувчи қонунларни жорий қилган.

Европа ва Марказий Осиёда Amnesty International бирорта ҳам янги ўлим ҳукми ёки қатлни қайд этмаган. Ўтган йил Александр Лукашенко 1994 йилда ҳокимиятга келганидан бери Беларусда ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан бирорта ҳам янги ўлим ҳукми ёки қатл ҳолати рўйхатга олинмаган биринчи йил бўлган. Шунга қарамай, Amnesty мамлакат расмийлари ўлим ҳукмларини қатъий сир сақлаган ҳолда ижро этишда давом этаётганини таъкидлайди. Ҳукмлари Олий суд томонидан 2020 ва 2024 йилларда тасдиқланган камида икки нафар маҳкумнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

“Фақат инсонпарвар ва инсон ҳуқуқларига асосланган судлов тизимларигина ҳақиқий адолатни таъминлашга қодир”, дейди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк.

Amnesty International 1977 йилда ўлим жазосига қарши кампаниясини бошлаганида, бу жазо тури фақат 16 та давлатда тўлиқ бекор қилинган. Ҳозирда эса дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғи ундан қонунан воз кечган ёки амалиётда қўллашни тўхтатган.

“Ҳанузгача ўлим жазосини қўллаб келаётган давлатлар учун бутун дунёдан ўрнак оладиган ва бу ваҳшиёна амалиётни тарихда қолдирадиган вақт келди”, дейди Калламар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда Олий ҳарбий суд собиқ мудофаа вазирлари Вэй Фэнхэ ва Ли Шанфуларни 2 йиллик синов муддати билан шартли ўлим жазосига ҳукм қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўлим жазоси қатл Ўлим ҳукми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг