Дунёдаги чиқиндилар ҳажми йилига 3,5 миллиард тоннага етиши мумкин
Бу қизиқ
−
29 Октябрь 1542 3 дақиқа
Инсоният 2050 йилга бориб йилига 3,5 миллиард тонна маиший чиқинди ишлаб чиқаради. Ҳозирча бу ҳажмнинг 20 фоиздан камроғи қайта ишланмоқда ва дунё ушбу муаммони турлича усуллар билан ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон Банки хабар берди.
Қайд этилишича, Буюк Британияда ҳар куни 1 миллиондан ортиқ бир марталик электрон сигарета (вейп) ташлаб юборилади. Ушбу қурилмалар таркибида литий ва LED чироқлар каби хавфли компонентлар мавжуд бўлиб, нотўғри йўқ қилиш оқибатида ёнғин хавфи пайдо бўлади. Шу сабабли, ҳукумат сотувчилардан утилизация учун тўлов ундиришни жорий этган. Қоидабузарларга 5 минг фунтгача жарима белгиланган. Тўпланган маблағлар экологик лойиҳаларга йўналтирилади. Маълумотларга кўра, ҳар саккизинчи британиялик вейп ишлатади, ўтган йили мамлакатда бу маҳсулотларга 2 миллиард фунт сарфланган.
Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида, мамлакатдаги биринчи электрон чиқиндиларни қайта ишлаш экопарки қурилмоқда. NDTV хабарига кўра, марказда ички тозалаш резервуарлари бўлиб, улар сувни тозалаб, қайта ишлатади. Бу эса шаҳар оқава сувлари ва тупроқнинг ифлосланишининг олдини олади. Завод йилига 50 минг тоннагача техникани қайта ишлай олади, беш йил ичида эса бу кўрсаткич пойтахтдаги барча электрон чиқиндиларнинг 25 фоизигача етади. Ҳозирги кунда Ҳиндистон “e-waste” ишлаб чиқариш бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Ҳар йили мамлакат полигонларига 1,5 миллион тонна электроника ташланади.
Хитойда 25 миллион киши Trade-In дастури орқали эски техникасини янгисига алмаштирди. Улар эски автомобиль, планшет ёки ақлли соатни катта чегирма билан янгисига алмаштиришлари мумкин ва бундан тежаладиган сумма 70 дан 2000 долларгача бўлади. Хитой Савдо вазирлиги маълумотига кўра, дастур йил бошидан бери чакана савдо тармоғига 153 миллиард доллар даромад келтирган. Ташаббуснинг мақсади атмосферага чиқиндиларни камайтириш ва энергия сарфини қисқартириш, чунки эски техника замонавий моделларга нисбатан икки баравар кўп электр энергияси сарфлайди.
Япониянинг Камикацу шаҳрида эса “Zero Waste” номли ноёб чиқиндиларни қайта ишлаш маркази фаолият юритади. У ерда 45 турдаги чиқиндилар пластик, шиша, электроника ва кийим-кечак алоҳида сараланади. Лойиҳа натижасида 9 йил ичида шаҳарда қайта ишлаш даражаси 80 фоизга етган, бу эса мамлакат ўртача кўрсаткичидан тўрт баравар юқори дегани. Марказда қайта ишланган материаллардан тайёрланган буюмлар сотиладиган дўкон ҳам бор. Унинг йиллик даромади 20 минг доллар атрофида. Аҳоли учун чиқиндиларни тўғри ажратиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилади. Лойиҳани БМТ 2018 йилда “Келажак шаҳри” деб эътироф этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёда қарийб 733 миллион киши очликдан азият чекаётгани ҳақида хабар берилганди. Маълумотларга кўра, ҳар куни бир миллиарддан ортиқ порция яроқли озиқ-овқат ташлаб юборилмоқда. Бу миқдордаги овқат эса очликдан азият чекаётган барча одамларни кунига камида бир марта тўйинтиришга етади.
Моҳичеҳра Қадамова
Live
Барчаси