Дунёдаги қотилликларнинг 22 фоизи жиноий гуруҳлар билан боғлиқ – БМТ
Олам
−
12 Ноябрь 1471 2 дақиқа
Дунё миқёсида қасддан содир этилган барча қотилликларнинг тахминан 22 фоизи жиноий гуруҳлар фаолияти билан боғлиқ. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.
Маълумотларга кўра, зўравонлик нафақат душманларга ёки ҳукумат вакилларига, балки фуқаролик жамияти вакилларига – журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва тадбиркорларга ҳам қаратилган. Хусусан, 2020-2022 йиллар оралиғида тахминан 200 нафар журналист ўлдирилган, уларнинг 20 фоизи жиноятчилик ҳақидаги материаллари сабабли нишонга олинган.
БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (UNODC) янги таҳлилий ҳисоботида қайд этилишича, халқаро миқёсдаги уюшган жиноятчилик бугунги кунда энг мураккаб ва тез ривожланаётган таҳдидлардан бирига айланган. Глобаллашув, рақамли технологиялар ва геосиёсий беқарорлик кучайгани сайин жиноий тармоқлар янада турфа, мослашувчан бўлиб бормоқда ва уларнинг фаолиятини кузатиш тобора мушкуллашмоқда.
UNODC ҳисоб-китобларига кўра, 2000 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда уюшган жиноятчилик ҳар йили ўртача 95 минг кишининг умрига зомин бўлган – бу қуролли можаролардаги талофатларга тенг. Энг хавфли ҳудудлар сифатида Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси қайд этилган. 2023 йилда у ерда 100 минг кишига 19,7 та қотиллик тўғри келган, Африканинг Сахарадан жанубдаги мамлакатларида эса бу кўрсаткич 11,9 ни ташкил этган.
Жиноий тармоқлар ўз фаолияти билан иқтисодиётга зарар етказади, инвестициялар ва барқарор ривожланишга тўсиқ бўлади. Уюшган жиноятчилик инсоннинг асосий ҳуқуқларини – ҳаёт ва хавфсизлик, сўз эркинлигини бузади. Одам савдоси эса эксплуатация, зўравонлик ва қулликка олиб келади, жиноятчи гуруҳларнинг ҳудудлар устидан назорати эса фуқароларни ҳимоялашни имконсиз қилади ҳамда давлатга бўлган ишончни емиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бутун дунёда 2023 йилнинг августидан жорий йилнинг май ойигача 163 нафар журналист ўлдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Улардан 109 нафари, жумладан, 12 нафар аёл жанговар ҳудудларда ҳалок бўлган. Энг кўп қурбонлар Ғазо секторида (46 киши), Суданда (13 киши) ва Украинада (8 киши) қайд этилган.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь