Эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат гранти 2 карра оширилади
Жамият
−
06 Март 1474 2 дақиқа
Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат гранти квотаси 2 карра оширилиб, 4 мингга етказилади. Бу ҳақда бугун, 6 март куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтаётган байрам тадбирида маълум қилинди.
Қайд этилишича, бугун олийгоҳда ўқиётган қизларнинг сони 904 мингдан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда. Ўтган йили 60 нафар қиз дунёдаги энг нуфузли олийгоҳларга ўқишга кирган.
Стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг 8,5 минг нафари, яъни 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Президент тадбирда Кегейли туманидан Индира Сатниязова, бухоролик Вазира Файзуллаева, навоийлик Машҳура Қудратованинг халқаро фан олимпиадаларида эришган ютуқлари, бир қатор халқаро стартап танловлари ғолиби бувайдалик Дилафруз Жўрабоеванинг нуфузли “ Microsoft” компаниясининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида тан олинганини алоҳида эътироф этган.
Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат гранти квотаси 2 карра оширилиб, 4 мингга етказилиши белгиланган.
Топ 300 таликдаги олийгоҳлар билан қўшма таълим асосида магистратура босқичида таълим олаётган талаба-қизларнинг контракт пуллари ҳам давлат томонидан тўлаб берилади.
Эндиликда ҳар йили хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш учун камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилади. Бунда ҳар бир йўналиш ғолибига Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант берилади.
Мактабнинг 11-синфини битириб, давлат техникумларига кирган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбирда Ўзбекистонда хотин-қизлар ўз уйида тадбиркорлик қилиши учун “Даромадли аёл” дастури бошланиши маълум қилинган эди.