Эмма Стоун дунёдаги энг гўзал аёл деб топилди (фото)
Маданият-санъат
−
14 Ноябрь 2025 14357 2 дақиқа
Голливуд актрисаси, икки марта Оскар, икки марта “Golden Globe” ва икки марта BAFTA мукофотига сазовор бўлган Эмма Стоун дунёдаги энг гўзал аёл деб топилди. Бу ҳақда лондонлик пластик жарроҳ Жулиан Де Силва томонидан олтин кесим тамойили асосида тузилган дунёдаги энг гўзал аёллар рейтингида келтирилган.
Қайд этилишича, олтин кесим тамойили — бу юз ва тана пропорцияларини эстетик жиҳатдан энг уйғун ва чиройли кўринишга келтириш учун қўлланиладиган математик асосли нисбатдир.
Пластик жарроҳ ўз методикасини “илмий ёндашув” деб атайди. У компьютер алгоритмлари ёрдамида юз чизиқлари, симметрияси, нисбатлари ҳамда “Олтин кесма” (Golden Ratio) деб аталувчи қадимги геометрия қоидаларига мувофиқликни баҳолайди. Де Силванинг таъкидлашича, замонавий хариталаш технологиялари инсон юзининг мукаммалликка қанчалик яқинлигини аниқ кўрсатиб бера олади.
Жарроҳнинг параметрлари бўйича Эмма Стоун ғолиб бўлган: унинг қош шакли энг юқори баҳо (94,2%)ни олган, бошқа тоифаларда ҳам юқори кўрсаткичларга эга. Унинг ияги 97% кўрсаткич билан “деярли мукаммал”, лаби эса 95,6% ижобий натижага эга. Мутахассисларнинг фикрича, Стоуннинг табиий мимикаси, юзининг симметрияси ва кўзларидаги ифода уни эстетик жиҳатдан жуда гўзал қилади.

Рейтингда иккинчи ўринни олган Зендая кўзлари учун энг юқори баллни (97,3%) олди, унинг лаблари эса 99,5% билан “идеал” деб баҳоланган. Британиялик актриса Ванесса Кирби энг мукаммал юз шакли бўйича рекорд даражадаги 99,8% натижани қайд этган. Ушбу кўрсаткич экспертлар фикрича, юз симметрияси ва контурининг мукаммал уйғунлигидан далолат беради.

Де Силванинг тадқиқотлари йилдан-йилга машҳур бўлиб бормоқда. У аввал ҳам “энг чиройли эркак”, “энг чиройли бурун шакли” ёки “энг мукаммал табассум” каби рейтингларни тузган. Бу йил эса у “Бриджертонлар” сериали юлдузи Реге Жан Пейжни дунёнинг энг чиройли эркаги деб топди.

Тўлиқ рейтинг қуйидагича:
- Эмма Стоун – 94,72%
- Зендая – 94,37%
- Фрида Пинто – 94,34%

- Ванесса Кирби – 94,31%

- Женна Ортега – 93,91%

- Оливия Родриго – 93,71%

- Марго Робби – 93,43%

- Айшвария Рай – 93,41%

- Тан Вей – 93,08%

- Бейонсе – 92,4%

Live
Барчаси