Энди ўқитувчиларнинг фарзандларига контрактнинг 30 фоизи тўлаб берилиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистондаги давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг тўлов-контракт суммасига 30 фоиз чегирма бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг тўлов-контракт суммасига чегирма бериш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Қайд этиш жоиз, 2025 йил 15 сентябрда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва мураббийлар билан бўлиб ўтган учрашув чоғида келгуси ўқув йилидан бошлаб давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши айтилганди. Аммо бу ҳақда ҳукумат қарори қабул қилинмаганди. Бу тизим 2026/2027-ўқув йилидан бошланиши мумкин.

Қарор лойиҳасига кўра, давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига чегирма жорий этиш билан боғлиқ харажатлар 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2027 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

30 фоизлик чегирма асосий фаолияти педагогик фаолият билан шуғулланувчи ота ёки онанинг фарзанди бўлган, давлат олий таълим ташкилотига базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриент ёки таҳсил олаётган талабаларга берилади.

Ушбу чегирма учун давлат олий таълим ташкилотида (хорижий ҳамкор олий таълим ташкилотларининг қўшма таълим дастурлари асосида ва факультетларида таълим олаётган талабалардан ташқари) базавий тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклига талабаликка тавсия этилган абитуриент ёки таҳсил олаётган талаба ариза бериши мумкин.

Талабгорлар мустақил равишда ўзлари таълим оладиган олий таълим ташкилотининг ректори (филиал директори) номига ўқув йили учун тўлов-контракт суммасига 30 фоизлик чегирма қўлланилиши юзасидан “Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш ахборот тизими” (kontrakt.edu.uz) орқали ариза юборади.

Чегирма тегишли ўқув йили учун бир маротаба қўлланилади. Мазкур чегирмалар талабанинг бир йиллик тўлов-контракт суммасига нисбатан  қўлланилади.

Талабгорнинг отаси ёки онаси педагог тоифасидан чиқарилган тақдирда кейинги ўқув йилидан бошлаб унга чегирма қўллаш тўхтатилади. Талабгорларга чегирмалар тўғри белгиланишини доимий назорат қилиш давлат олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори), масъул бўлинма бошлиғи, бош бухгалтери ва бош аудитори зиммасига юкланади.

Талабгорга чегирма нотўғри қўлланганда давлат олий таълим ташкилотининг масъул бўлинмаси ҳамда бухгалтерияси томонидан мазкур маблағларни қайтариш чоралари кўрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ўқитувчи тўлов-контракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг