Эрдўған рафиқаси билан Қозоғистонга келди
Олам
−
13 Май 2127 1 дақиқа
Бугун, 13 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмина Эрдўған билан бирга расмий учрашувлар ўтказиш учун Қозоғистонга келди. Бу ҳақда TRT хабар қилди.
Қайд этилишича, дипломатик учрашувлар доирасида Эрдўған Остонадаги икки томонлама музокаралардан сўнг Туркистонда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилоти етакчиларининг норасмий саммитида иштирок этади.

У Мустақиллик саройида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан яккама-якка учрашув ўтказади. Шундан сўнг икки давлат раҳбари Туркия–Қозоғистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилишига раислик қилади.

Музокараларда кенгайтирилган стратегик шериклик даражасидаги икки томонлама алоқалар муҳокама қилиниши кутилмоқда ҳамда икки давлат ўртасидаги стратегик боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича қадамлар кўриб чиқилади.

Ташрифнинг иқтисодий қисмида икки давлат ўртасидаги 15 миллиард долларлик савдо ҳажмига эришиш мақсади ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳалари асосий мавзулар қаторидан жой олади.
Шунингдек, улар Туркия–Қозоғистон бизнес форумида қатнашиб, икки мамлакат ишбилармонлари билан учрашиши ва инвестиция имкониятларини муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилганди.
Live
Барчаси