Эрон ҳужуми фонида Туркия Озарбайжон томонида эканини билдирди

Олам

image

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Нахечивонга уюштирган ҳужумларидан сўнг Озарбайжон томонда туришини билдирди. Бу ҳақда вазирлик расмий баёнот билан чиқди.

Баёнотда Эроннинг бугунги дрон ҳужумлари қатъий қораланган.

“Ҳудудда учинчи давлатларни нишонга олувчи ва урушнинг тарқалиш хавфини оширувчи ҳужумларга имкон қолдирмаслик кераклигини яна бир бор таъкидлаймиз. Туркия бундан кейин ҳам доимгидек Озарбайжон томонида туришга давом этади”, дейилади вазирлик баёнотида.

Шунингдек, бугун, 5 март куни Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилган.

Суҳбат давомида кеча, 4 март куни Туркия томонига Эрон томонидан амалга оширилган ракета ҳужуми ва бугун Озарбайжон томонига қилинган дрон ҳужуми юзасидан қаттиқ норозилик билдирилган. Бу ҳужумларни қабул қилиб бўлмаслиги таъкидланган.

Вазирлар, шунингдек, иккала мамлакат ўртасидаги стратегик иттифоқ доирасидаги мувофиқлик ва ҳамкорликнинг давом эттирилиши муҳимлигини билдирган. 

Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми

Бугун, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.

Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.  

Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган. 

Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Озарбайжон расмий баёнот Нахечивон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг