Эрон музокара олдидан ҳарбий машғулотларни бошлаб юборди
Олам
−
09:48 3669 2 дақиқа
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кеча, 16 февраль куни Ҳормуз бўғози ҳудудида ҳарбий-денгиз машқларини бошлади. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Нашрнинг маълумотига кўра, машғулотлар денгиз кучларининг “эҳтимолий ҳарбий ва хавфсизлик таҳдидларига” тайёргарлигини баҳолаш мақсадида ташкил этилган. Машқларни корпуснинг бош қўмондони генерал-майор Муҳаммад Пакпур шахсан кузатган.
Бу жараён АҚШ томонидан босим кучайган бир пайтга тўғри келган. АҚШ Президенти Дональд Трамп сўнгги ҳафталарда Эронни оммавий норозиликларни қаттиқ бостиргани ортидан бир неча бор ҳарбий зарба билан таҳдид қилган. Шунингдек, Вашингтон музокаралар муваффақиятсиз тугаса, ҳарбий сценарий ҳам кўриб чиқилишини билдириб, минтақага иккинчи авианосец зарба гуруҳини юборган.
17 февраль куни Женева шаҳрида Эрон ва АҚШ ўртасида, Уммон воситачилигида, музокараларнинг иккинчи раунди ўтиши режалаштирилган. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Женевага “адолатли ва тенг ҳуқуқли келишув” бўйича аниқ таклифлар билан келганини айтган ҳамда таҳдидлар олдида таслим бўлиш мумкин эмаслигини таъкидлаган.
Вашингтон музокаралар доирасига Эроннинг ракета дастури ва минтақадаги қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаши масаласини ҳам киритишни истамоқда. Теҳрон эса фақат ядровий дастур муҳокама қилиниши кераклигини билдирмоқда.
Корпуснинг баёнотига кўра, машқлар мақсади Ҳормуз бўғозида “оқилона назорат”ни таъминлашдир. Ушбу стратегик йўлак орқали дунё денгиз нефть таъминотининг тахминан учдан бири ўтади. Эрон аввал ҳам эҳтимолий ҳужум ҳолатида бўғозни ёпиш билан таҳдид қилган ва минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари қонуний нишонга айланишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эрон билан тузиладиган келишув Қўшма Штатлар ва бутун дунё хавфсизлигини кафолатлайдиган қатъий талабларга жавоб бериши кераклигини айтганди.
Live
Барчаси