Эрон Трампнинг шартига жавоб қайтарди
Олам
−
29 Январь 25217 2 дақиқа
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон ҳар қандай тажовузга дарҳол ва қатъий жавоб беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Ароқчи ўзининг Х саҳифасида ёзиб қолдирди.
Унинг айтишича, Эрон Қуролли кучлари тўлиқ шай ҳолатда ва 12 кунлик урушдан олинган сабоқлар янада тез, кучли ва самарали жавоб бериш имконини беради.
“Бизнинг жасур Қуролли кучларимиз– қуруқлик, ҳаво ва денгизга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузга зудлик билан ва қатъий жавоб беришга тайёр, бармоқлар тетик. 12 кунлик уруш давомида олинган муҳим сабоқлар бизга янада кучлироқ, тезроқ ва самаралироқ жавоб қайтариш имконини берди”, деган Ароқчи.
Шу билан бирга, Ароқчи Эрон ҳар доим ўзаро манфаатли, адолатли ва тенг ҳуқуқли ядровий келишув тарафдори бўлиб келганини таъкидлаган. Бундай битим Эроннинг тинч ядровий технологиялардан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатлаши ва ядровий қурол мавжудлигини истисно этиши лозим. Унинг сўзларига кўра, ядровий қурол Эроннинг хавфсизлик режалари таркибига кирмайди ва мамлакат ҳеч қачон уни қўлга киритишга интилмаган.
Эрон Олий раҳбари маслаҳатчиси Али Шамҳоний эса жавоб чоралари АҚШ, Исроил ҳамда тажовузни қўллаб-қувватлаган барча томонларга қарши йўналтирилишини айтган.
Қайд этиш жоиз, АҚШ 2025 йилнинг июнь ойида Исроил билан Эрон ўртасидаги 12 кунлик уруш чоғида Эрон ядровий объектларига зарба берган эди. Ўшанда Трамп Эроннинг ядровий дастури йўқ қилинганини даъво қилган.
2026 йил январь ойида Эронда кенг кўламли ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтди. Трамп уларни куч билан бостиришга жавобан ҳарбий чоралар кўриш билан таҳдид қилган, бироқ кейинчалик бу режадан воз кечган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Эрон ядровий келишувни қабул қилмаса, Теҳронга қарши ҳарбий зарба берилиши мумкинлиги билан таҳдид қилганди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон ядровий келишувни қабул қилмаса, Теҳронга қарши ҳарбий зарба берилиши мумкинлиги билан таҳдид қилган.
Live
Барчаси