Эрон вице-президенти Азмунни терма жамоага қайтаришга чақирди
Спорт
−
26 Май 1976 2 дақиқа
Эроннинг қишлоқ ҳудудлари ва кам таъминланган минтақаларни ривожлантириш бўйича вице-президенти Абдулкарим Ҳусайнзода БААнинг “Шабоб Ал-Аҳли” жамоасида тўп сураётган Сардор Азмунни Эрон миллий терма жамоасига қайтаришга чақирди. Бу ҳақда Ҳусайнзода ўзининг Х саҳифасида ёзиб қолдирди.
Аввалроқ, 2025 йил март ойидан бери Эрон терма жамоаси сафида ўйнамаган Азмун 2026 йилдаги Жаҳон чемпионати учун кенгайтирилган таркибга киритилмаган эди. ОАВ маълумотларига кўра, бу қарорга футболчининг БАА шайхлари билан тушган суратлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Айни шу ҳудуд Эронга қарши ҳаво ҳужумларини амалга оширгани айтилмоқда.
Сардар Азмун ўзининг Instagram саҳифасида Эрон “унинг қалби ва ғурури” бўлиб қолишини таъкидлаб, миллий терма жамоага Жаҳон чемпионатида омад ва шараф тилади.
“Ватан ўз фарзандлари ўртасидаги ришталарни сақлаб қолиши керак. Эрон номини шахсий эътирозлардан устун қўядиган ҳар бир инсон миллий бойлигимизнинг бир қисми ҳисобланади. Сардар Азмуннинг бу ришталарни намоён этишга бўлган ҳаракати эътиборсиз қолмаслиги лозим. Имкон бўлса, уни терма жамоага қайтарамиз. Бу спорт қарори эмас, балки миллий бирлик ҳақидаги хабар”, деб ёзди Ҳусайнзода ижтимоий тармоқда.
31 ёшли Сардар Азмун Эрон терма жамоаси сафида 91 та ўйинда майдонга тушиб, 57 та гол урган.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Эрон терма жамоаси Инглвуд шаҳрида Янги Зеландия (15 июнь) ва Бельгия (21 июнь), сўнгра эса, Сиэтлда Миср (26 июнь) терма жамоаларига қарши майдонга тушади.
Live
Барчаси