Эронда демократия бўлиши шарт эмас – Трамп

Олам

image

Қўшма Штатлар раҳбари Дональд Трамп Эронда ҳокимият алмашиниши масаласига тўхталиб, мамлакат демократия йўлидан бориши шарт эмаслигини билдирди. Унинг фикрича, асосийси – янги раҳбар адолатли бошқарув олиб бориши, шунингдек, АҚШ ва Исроил билан муносабатларда конструктив позиция тутиши. Етакчи бу ҳақда “CNN” телеканалига берган интервьюсида тўхталган.

Трампга кўра, сўнгги ҳарбий амалиётлардан кейин Эроннинг ҳарбий салоҳияти жиддий заифлашган. Мамлакат бир ҳафта аввалги ҳолатидан кескин фарқ қилаётгани таъкидланган. Шу билан бирга, янги раҳбарни танлаш жараёни мураккаб бўлмаслиги айтилиб, бу ҳолат Венесуэладаги ҳокимият алмашувига қиёс қилинган.

Интервю давомида Эронда диний раҳбар ҳокимиятга келиши эҳтимоли ҳам истисно этилмаган. Агар бундай шахс адолатли сиёсат юритса ва минтақадаги давлатлар билан барқарор муносабат ўрнатса, бу содир бўлиши мумкинлиги урғуланган.

Яқин Шарқдаги вазият ҳақида гапирар экан, Трамп АҚШнинг ҳарбий амалиётлари муваффақиятли кечаётганини айтган. Айни пайтда нефть нархларининг ўсиши вақтинчалик ҳолат экани, бозор тез орада барқарорлашиши мумкинлиги тилга олинган. Шунингдек, Эрон ҳарбий-денгиз кучлари катта йўқотишларга учрагани қайд этилган.

Суҳбатда Куба масаласига ҳам эътибор қаратилиб, бу давлат ҳам яқин келажакда Вашингтон билан келишув излаши мумкинлиги иддао қилинган. Шу билан бирга, ички сиёсатда энг муҳим масалалардан бири сифатида сайловчиларни идентификация қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш зарурлигига эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Эрон билан боғлиқ вазият ҳал этилганидан кейин Куба Вашингтоннинг навбатдаги диққат марказига айланиши мумкинлигини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Трамп демократия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг