Эронда олий раҳбарни ким сайлайди ва Хоманаийнинг издоши ким?
Олам
−
03 Март 1903 2 дақиқа
Эрон Конституциясига кўра, мамлакатнинг олий раҳбарини 88 нафар дин уламоларидан иборат Экспертлар кенгаши сайлайди. Бу орган асосан юқори мартабали ва чуқур билимли кишилардан ташкил топган бўлиб, уларни сайлов орқали шакллантиришади. Олий раҳбар вафот этса ёки лавозимини бажара олмаса, айнан шу кенгаш янги раҳбарни танлайди.
Кенгаш қарор қабул қилгунча давлат бошқаруви вақтинча уч кишилик кенгаш қўлига ўтади. Унинг таркибига Президент, суд ҳокимияти раҳбари ва Экспертлар кенгаши билан боғлиқ юқори мартабали уламо киради. Бу тартиб илк бор 1989 йилда, Ислом Республикаси асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний вафот этганидан сўнг қўлланган ва ўшанда Оятуллоҳ Али Хоманаий олий раҳбар этиб сайланган эди.
Кимлар эҳтимолий ворис сифатида тилга олинмоқда?
Сиёсий доираларда бир нечта номзод муҳокама қилинмоқда. Улар орасида Али Хоманаийнинг ўғли Мужтабо Хоманаий номи энг кўп тилга олинаётганлардан. Шунингдек, собиқ Президент Ҳасан Руҳоний, Ислом Республикаси асосчисининг набираси Ҳасан Хумайний, шунингдек тажрибали сиёсатчилар Содиқ Омулий Лорижоний ва Али Лорижоний ҳам эҳтимолий номзодлар қаторида қайд этилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, янги раҳбар амалдаги ҳокимият тизими ичидаги шахслардан танланиши эҳтимоли юқори. Бироқ ҳозирги вазият сиёсий ва ҳарбий босимлар фонида кечаётгани сабабли ворислик жараёни осон бўлмаслиги мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилишидан олдин Теҳрондаги йўл ҳаракати камераларини бузиб киргани ва унинг ҳаракатларини кузатгани айтилган эди.