Фарғонада камбағаллик даражаси 5,2 фоизга тушди
Жамият
−
12:18 1394 2 дақиқа
Бугун, 28 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Давлат раҳбари аввало кейинги йилларда вилоят иқтисодиётида рўй берган ўзгаришларга тўхталиб ўтган.
Илгари вилоят даромадининг 70 фоизи нефть-кимё ва қурилиш материаллари соҳасидаги 6-7 та йирик корхона ҳисобидан шаклланарди.
Ўтган даврда вилоятда 8 миллиард 200 миллион доллар инвестиция эвазига 8 мингта замонавий қувватлар ишга тушган, тадбиркорлик учун 100 триллион сўм ресурс берилган, тижорат майдони 10 миллион квадратга кўпайган, 13,5 минг кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ўсган.
Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробарга, саноат 1,5 баробарга, хизматлар 3 баробарга ошган. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушган.
Маҳаллий буджет бўйича ҳокимларга жуда катта имконият яратилгани учун бу йил биринчи чоракда ҳар бир туманда камида 5-10 миллиард сўм қўшимча маблағ қолган.
Қайд этилишича, аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлмоқда.
Масалан, илгари Марғилонда бир хонадонда ўртача 2-3 оила яшарди. Бир йилда Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларининг ўзида 241 та эски ҳовлилар ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилган. Марғилоннинг Наврўз маҳалласида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб кириши режаланган.
Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам жадал кетмоқда.
Сўнгги ўн йилда Фарғонада 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ҳамда 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. Шу билан бирга, 167 та хусусий мактаб пайдо бўлган, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим оляпти.
Таълим сифати кескин ошгани учун ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича вилоят республикада 3-ўринга кўтарилган.
Live
Барчаси