Фастфуд – зарар. Хўш, нега?
Бу қизиқ
−
15 Апрель 6509 4 дақиқа
Бугунга келиб фастфуд энг талабгир маҳсулотга айланиб бўлди ва шаҳарларнинг исталган бурчагида шундай таомланиш марказларини топиш мумкин. Таъкидлаш керакки, фастфуднинг истеъмол учун мазалилигидан ташқари, таомларни эшиккача етказиб бериш хизматининг тизимли йўлга қўйилгани ҳам хўрандаларни жалб қилади. Гўёки “чўнтак ориқ” бўлмаса, бошқа масала йўқдек. Аммо бундай мазали таомлар фақат чўнтакка эмас, танангизга ҳам оғир. Бу ҳақда кўп ва хўп гапирилган бўлса-да, бошқаларидан фарқли ўлароқ қуйида фастфуднинг нега зарар эканидан ташқари, фойдали томонлари ҳақида ҳам сўз боради.
Фастфуднинг қандай афзалликлари бор?

Тўғри, баъзи турдаги тез тайёр бўлувчи таомлар нархи қимматроқ бўлиши мумкин, аммо арзонлари ҳам кўплаб топилади. Айниқса, улар йўл-йўлакай овқатланиб олиш учун ҳам яхши танлов бўла олади. Шундай қилиб, доимий танқид остига олинадиган фастфуднинг одамлар учун манфаатли жиҳатлари ҳам бор. Қуйида уларнинг бир нечтасини санаймиз:
- мазали ва иштаҳа очар;
- етказиб бериш хизмати тез;
- “нима тайёрласам экан?” деган саволга ҳожат қолдирмаслиги мумкин;
- фастфуд кафеларини топиш осон – деярли ҳар икки бекатда битта;
- муҳим ишни бажариш бараварида таомланиш ҳам мумкин;
- қулай қадоғи билан саёҳатга олиб бориш мумкин.
Фастфуднинг нимаси зарар?

Таъми қанчалик мазали ва кўриниши ажойиб бўлмасин, афсуски, бунга қарамай фастфуднинг зарарли томонлари организмга қимматга тушади. Гарчи тез тайёр бўлувчи таомлар бизга вақт тежаш ва куч сарфлашни камайтиришда ёрдам берса-да, бу қулайликларнинг ҳам ўз нархи бор. Фастфуднинг айрим катта камчиликлари яхши маълум бўлса, баъзилари ҳануз тўлиқ тушуниб етилмаган. Семиришдан тортиб юрак билан боғлиқ хавфларгача – қуйида ҳаммасига изоҳ берамиз:
Юрак қон-томир касалликлари

Фастфуднинг норасмий иккинчи номи – “носоғлом овқат”дир ва бу бежизга эмас. Чунки бундай таомлар ўзида кўп миқдорда ёмон холестерин миқдорини оширувчи тўйинган ёғларни сақлайди, бу эса юрак фаолиятига зарар етказади. Бундан ташқари, фастфуд ўзида юқори миқдорда натрий сақлагани учун қон босими ошишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бундай таомлар узоқ вақт мобайнида истеъмол қилинганида юракка салбий таъсири намоён бўлади.
Гигиена муаммолари

Тез тайёрланадиган таомларнинг гигиеник жиҳатдан қанчалик хавфсиз экани ҳар доим савол остида. Кўплаб фастфуд тармоқлари мижозларга тез хизмат кўрсатишга интилар экан, тозаликка қандай муносабатдалиги номаълум. Чунки кўпгина тармоқ эгаларининг асосий мақсади сифат эмас, сон экани иддао қилинади ва ҳар доим ҳам эшик ортидаги иш жараёни хўрандаларга қоронғи.
Ортиқча вазн

Тез тайёр бўлувчи овқатларни мунтазам истеъмол қилиш алалоқибат семиришга олиб келади, чунки уларнинг кўпчилиги юқори миқдорда калория ва ёғни ўз ичига олади. Одатда бундай таомлар чой ёки оддий сувдан кўра кўпроқ ширин ва газли ичимликлар билан истеъмол қилинади, бу эса юқори миқдордаги глюкоза туфайли вазн ошишига сабаб бўлади.
Паст озуқавий қиймат

Кўпчилик фастфуд тармоқлари музлатилган маҳсулотлардан фойдаланади. Улар тез тайёр бўлса-да, лекин фойдали моддалар миқдори жуда паст бўлади. Маҳсулот музлаткичда қанча узоқ сақланса, ўзидаги фойдали хусусиятларини шунча кўп йўқотади. Тез хизмат кўрсатиш мақсадида тадбиркорлар асосан олдиндан қайта ишланган маҳсулотларни танлайди, бу эса озиқланиш қийматини янада туширади. Яъни, организм ўзига керакли моддаларни ола олмайди.
Ҳазм қилиш муаммолари

Фастфудда кўпинча зиравор ҳамда қайта ишланган маҳсулотлар бўлади, улар асосан таъмни кучайтириш учун қўшилади. Шунинг учун бундай носоғлом овқатлар ошқозон ва ичак билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин. Ошқозон яраси ва ҳатто саратон ҳосил қилувчи моддалар шулар жумласидан. Бундан ташқари, қорин дам бўлиши, қабзият ва ичак фаолияти бузилиши кабилар ҳам фастфуд истеъмолининг кенг тарқалган салбий томонларидир.
Семизлик

Ёғ ва углевод истеъмоли ҳақида гап кетар экан, истеъмолчининг семириш хавфидан қочиб қутула олмаслигини таъкидлаш лозим. Тўйинган ёғларнинг кўп миқдорда ва мунтазам истеъмол қилиниши танада ортиқча ёғ тўпланишига олиб келади.
Буйрак ва жигарга хавф

Фри (қовурилган картошка) ва бургерлар асосан қайта ишланган тузни ўз ичига олади, бу эса буйрак ва жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бундай тузлар ферментлар фаолиятини ўзгартириб, жигардаги мувозанатни бузади, трансёғлар эса жигар атрофида тўпланади. Бундан ташқари, тузнинг юқори миқдори қон босимини ошириб, буйрак фаолиятини ёмонлаштиради.
Таъкидлаш мумкинки, деярли барча фастфуд чала пиширилган ёки ёғда кучли қовурилган маҳсулотларни ўз ичига олади. Қолаверса, маҳсулотларни қовуриш учун битта ёғдан кўп марта фойдаланилиши, максимал даражада маза берувчи сунъий қўшимчаларнинг қўшилиши ҳам зарарли таъсирларни янада оширади.
Унутмаслик керакки, инсон танаси у истеъмол қиладиган озуқалар мажмуасидир. Секин бўлсин, тез бўлсин, у албатта ўз аксини кўрсатади. Танлов эса ҳар кимнинг ўз қўлида.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь