FIFA ЖЧ ўйин олди тадбирларига ўзгартириш киритди
Спорт
−
05 Июнь 2074 2 дақиқа
FIFA 2026 йилги Жаҳон чемпионати учрашувлари олдидан ўтказиладиган маросимлар учун янги ва ўзига хос концепцияни тақдим этди. Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, ушбу ташаббус футболчилар ва мухлислар ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлаш, шу билан бирга турнирнинг энг кутилган лаҳзаларини янада таъсирчан қилишга қаратилган.
Янги ўйинолди маросими мухлислар ва жамоалар иштирокида яратилган бўлиб, FIFA Жаҳон чемпионати–2026 расмий альбоми қўшиқлари асосида тайёрланган. Концепция стадионни умумий саҳнага айлантирувчи 360 даражали тажрибани тақдим этади. Мухлислар қаерда ўтиришидан қатъи назар, ҳар бири маросимни ўзига хос нуқтадан кузатиш имконига эга бўлади.
Томошабинларни жараёнга фаол жалб этиш мақсадида улкан давлат байроқлари ва майдондаги махсус элементлар жойлаштирилади. Ёшлар дастури иштирокчилари ҳамроҳлигида футболчилар майдонга туннелга энг яқин томондан ўрнатилган махсус арка орқали чиқиб келади.
Маросим давомида марказий доирада катта баннер, қўлда кўтариладиган давлат байроқлари ва майдон бўйлаб FIFA рамзлари намойиш этилади. Учрашув қайдномасига киритилган ҳар бир футболчи диққат марказида бўлади ва давлат мадҳиялари янграши вақтида марказий доира атрофида жамланади. Бу нафақат асосий таркиб, балки ҳар бир футболчига ҳам ўз мамлакатини футболнинг энг йирик саҳнасида ҳимоя қилаётганидан фахрланиш имконини беради.
“Жаҳон чемпионати ривожланиб борар экан, биз ҳам футболни томоша қилиш тажрибасини янгилашда давом этамиз. Давлат мадҳиялари ижро этилаётганда барча футболчилар ва ҳакамларнинг марказий доирада бир-бирига қарама-қарши туриши жамоалар ва стадиондаги барча инсонлар учун бирлик, ғурур ва ҳаяжон лаҳзасини яратади. Жаҳон чемпионати ҳар бир футболчи ва ҳар бир мухлис учун ўтказилади ва янги маросим айнан шу ғояни акс эттиради”, дейди FIFA президенти Жанни Инфантино.
Мадҳиялардан сўнг анъанавий ўйинолди тадбирлари – жамоаларнинг қўл бериб кўришиши ва бошланғич таркибларнинг умумий фотосуратга тушиши бўлиб ўтади. Шундан кейин жамоа сардорлари танга ташлаш маросимида иштирок этади.
Турнирнинг кейинги босқичларида маросим янада томошабоп тус олади. Унга рангли тутунлар ва пиротехник намойишлар каби қўшимча элементлар қўшилиши режалаштирилган.