Филиппиндаги зилзила қурбонлари 30 кишидан ошди
Олам
−
08 Июнь 1369 1 дақиқа
Бугун, 8 июнь куни Филиппин соҳиллари яқинида юз берган зилзила оқибатида 32 киши ҳалок бўлди, яна 134 киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият органларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ер қимирлашидан энг кўп зарар кўрган ҳудуд тахминан 700 минг аҳолига эга Генерал-Сантос шаҳри бўлган. У ерда дўконлар ва биноларга шикаст етган, баъзиларининг пешлавҳалари ва ойналари синган, айримлари эса бутунлай вайрон бўлган. Маҳаллий ҳокимият ҳозирда коммунал тармоқлар ва инфратузилмага етказилган зарарни баҳоламоқда.
Зилзила магнитудаси 7,8 ни ташкил этган. Филиппин аҳолиси тепаликларга эвакуация қилинишга чақирилган. Оролларда тўлқин баландлиги бир метрдан ошадиган цунами хавфи эълон қилинган. Филиппин Президенти Фердинанд Маркос-кичик Минданаонинг жабрланган ҳудудларида ўқув машғулотларини тўхтатиш бўйича топшириқ берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда ҳам цунами хавфи туфайли соҳилбўйи ҳудудларида яшовчи 180 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси