Финляндия Россия биқинида ҳарбий машғулот ўтказади 

Олам

image

Финляндия Ҳарбий-денгиз кучлари жорий йилнинг 18-29 май кунлари Фин қўлтиғида “Narrow Waters 26-1” машғулотларини ўтказади. Бу ҳақда мамлакатнинг Ҳарбий-денгиз кучлари сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, маневрлар Жанубий Финляндиянинг қирғоқбўйи ҳудудлари ва Архипелаг денгизини ҳам қамраб олади. Машғулотларга жами 3 мингга яқин ҳарбий хизматчи жалб этилади. Асосий вазифа – ҳақиқий уруш шароитида ҳаракат қилишга тайёргарликни текширишдан иборат. Машқ тадбирлари доирасида денгиз ва ҳаво учувчисиз тизимларидан (дронлардан) фаол фойдаланиш режалаштирилган.

Фин ҳарбийларига хорижий контингентлар ҳам қўшилади: Германия Ҳарбий-денгиз кучларининг қирғоқ егер ротаси (100 га яқин киши) ва АҚШ денгиз пиёдаларининг тахминан 30 нафар ҳарбий хизматчиси.

Маълумот учун, Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли 2023 йилнинг баҳорида НАТОга аъзо бўлган Финляндия Россия чегаралари яқинида альянснинг машғулотларида мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Март ойида мамлакат шимолида Норвегия раҳбарлигида кенг кўламли “Cold Response 26” маневрлари бўлиб ўтган эди. Унда 14 давлатдан, жумладан, АҚШ ва Буюк Британиядан 25 минг ҳарбий қатнашган. Ўшанда НАТОнинг шимолий қанотини мустаҳкамлаш ва мураккаб иқлим шароитларида ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмалари синовдан ўтказилган. 2025 йилнинг ноябрь ойида эса Россия чегарасидан бор-йўғи 100 километр узоқликда 2,2 минг ҳарбий ва 500 та техника бирлиги иштирокида “Northern Strike 25” машғулотлари бўлиб ўтган.

Финляндия альянсга қўшилганидан кейин НАТОнинг Россия билан чегарадош бўлган чегара узунлиги икки баробарга – 1300 километрдан кўпроққа узайди. Унинг ортидан Швеция ҳам (2024 йил баҳорида) альянсга аъзо бўлди. Шу билан бирга, Украинага бостириб киришни дастлаб НАТОнинг кенгайишини тўхтатиш зарурати билан изоҳлаган Владимир Путин, Хельсинки ва Стокгольм ариза топширганидан сўнг, Москва уларнинг аъзолигини “жиддий таҳдид сифатида кўрмаслигини” баён қилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия ҳукумати ядровий қуролни олиб кириш ва сақлашга рухсат беришни таклиф қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия ҳарбий машғулот Финляндия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг