Форс кўрфазида юзлаб кемалар адашиб қолди
Олам
−
16 Июнь 12423 2 дақиқа
Шу кунларда Форс кўрфазида кемаларнинг навигация тизимида оммавий носозлик юз бермоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Ҳормуз бўғози ва Форс кўрфази ҳудудида 900 дан ортиқ кеманинг навигацион сигналлари йўқолган. “Bloomberg” бу ҳодисани Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятнинг кескинлашуви фонида юз берган, деб ҳисобламоқда.
Носозликлар туфайли балиқчилик, юк ва нефть ташувчи кемаларнинг тизимлари ғайритабиий йўналишларни кўрсата бошлаган. Кема экипажлари радарлар ва компасларга таянишга мажбур бўлган, бу эса тўқнашув хавфини оширган.
Қўшма Денгиз Ахборот Маркази (JMIC) Эроннинг Бандар-Аббос порти яқинида сигналларнинг “кескин бостирилиши” ҳолатини қайд этган. Шунга қарамай, мутахассислар Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйишга тайёргарлик борлигини аниқламаган.
Баъзи нефть танкерларида, жумладан Frontline Ltd. компаниясига тегишли Front Tyne ҳамда Vitol Group’нинг Elandra Willow кемасида сигнал ҳаракати ғайритабиий тарзда кузатилган – улар Эрон, Форс кўрфази ва Саудия Арабистони соҳиллари орасида кутилмаган жойларда пайдо бўлган. Кема эгалари бу ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.
Брокерларнинг маълумотига кўра, айрим кема эгалари Форс кўрфазига киришни вақтинча тўхтатган. Бунинг ортидан “Яқин Шарқ – Осиё” йўналиши бўйича нефть ташиш тарифлари июль ойи учун қарийб 12 фоизга ошган.
Бироқ таҳлилчилар Эроннинг Ҳормуз бўғозини тўлиқ тўсиб қўйишга боришига шубҳа билан қарамоқда, чунки мамлакат ўзи ҳам нефть экспортига қаттиқ боғланган.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ва Исроил ўртасидаги бу зарбалар алмашинуви жорий йилнинг 13 июнь тонгида Исроил ҳарбийлари “Шерлар олами” номли операцияни бошлаганидан сўнг авж олди. Исроил Теҳронни ядро қуролини ясаётганликда айблади. Эрон бу айбловларни рад этиб, “Ҳақиқий ваъда 3” номли операцияни бошлаганини эълон қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Эроннинг Исроилга қилган ҳужумлари оқибатида ҳозиргача камида 24 киши ҳалок бўлган, тахминан 500 дан ортиқ киши яраланган. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил зарбаларида Эроннинг ўзида 224 киши ҳалок бўлган, 1481 киши жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар орасида 70 нафар аёл ва болалар ҳам бор.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь