Францияда 1,3 минг йиллик тўққизта саркофаг топилди

Бу қизиқ

image

Франциянинг жануби-ғарбидаги Бордо шаҳрида олиб борилган қазишмалар чоғида археологлар 1,3 минг йил олдин дафн этилган тўққизта саркофагни топди. Бу ҳақда “Le Figaro” газетаси хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу саркофаглар франк қиролларининг биринчи сулоласи – Меровинглар даврига тегишли бўлиб, V–VIII асрларга тааллуқли. Артефактлар Сен-Серин туманидаги Ренедел майдонида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган пайтда тасодифан топилган.

Шунингдек, археологлар XVII асргача бўлган дафн маросимларига оид изларни ҳам аниқлаган. Улар орасида XI–XIII асрларга оид учта қабр ва XV–XVII асрларга оид тўртта ерда ва тобутларда дафн этилган қабристон қолдиқлари бор. Умуман олганда, қазишмалар давомида тахминан 20-30 та қабр аниқланган.

Қазишма ишларига раҳбарлик қилаётган Камилла Ванховенинг айтишича, ўрта асрларда қабристонлар одатда черковлар яқинида жойлашган бўлган, шунинг учун ушбу топилмалар одатий ҳол сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, улар Сент-Круа черкови ёнидан топилгани эътиборга лойиқ.

Ванховенинг сўзларига кўра, археологлар қабристон ҳудуди шунчалик кенг эканини билмаган. У деярли черков фасадигача етиб борган. Жорий йил февраль ойи охиридан бошлаб мутахассислар қазишма ишларини янада жадаллаштиришни ва кўпроқ артефактларни топишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, баҳорда шаҳар ҳокимияти ушбу қазишмалар ўтказилаётган жойда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун экскурсиялар ташкил этишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Литва пойтахти Вильнюс соборининг ерости хоналаридан ўнлаб йиллар давомида яшириниб ётган тарихий хазиналар, жумладан, ўрта асрларда яшаган Европа ҳукмдорларига тегишли тожлар ва бошқа рамзий буюмлар топилган эди. Топилган буюмлар орасида  Польша қироли ва Литва буюк герцоги (1461–1506 йилларда яшаган) Александр Ягеллончик учун ишланган тож бор. Шунингдек, 1436-1505 йилларда яшаган ҳукмдор Елизавета Габсбургга тегишли тож, занжир, медальон, узук ва тобут тахтачаси топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Бордо археолог саркофаг Артефакт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг