Ғазода ўтин тераётган икки бола Исроил дрони сабаб ҳалок бўлди
Олам
−
26 Январь 1823 2 дақиқа
Ғазо шаҳрида ўтин йиғиш билан шуғулланаётган пайтда Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилган икки нафар фаластинлик бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳалок бўлган болалар – Муҳаммад ва Сулаймон Ал-Завара бўлиб, улар амакивачча бўлган. Шифохона маълумотларига кўра, Муҳаммад 14 ёшда, Сулаймон эса ундан бир ёш кичик бўлган.
Улар 24 январь куни ўлдирилган, жасадлари Ал-Шифо шифохонасига олиб келинган. Тарқалган видеоларда болалардан бирининг отаси жасадни бағрига босиб, изтироб чекаётгани акс этган.
Икки бола ва уларнинг оилалари Ғазонинг шимолий қисмида яшаган. Уларнинг амакиси Салмон Ал-Завара нашрга болалар жуда яқин дўст бўлганини айтган.
“Улар ҳаётга тўла, қувноқ эди. Ота-оналарига ёрдам беришни хоҳлашди, шу сабабли бу совуқ қишда овқат пишириш ва оилани иситиш учун ўтин теришга чиқишди”, деган у.
Исроил ҳарбийлари кеча, 25 январь куни CNN’га Ғазо шимолида ҳаракатланаётган қўшинлар “Сариқ чизиқ”дан ўтиб кетган, ҳудудга портловчи мослама жойлаштирган ва аскарларга яқинлашиб, бевосита хавф туғдирган бир неча террорчини аниқлаганини маълум қилган.
Ҳарбийлар мазкур ҳодиса айнан болалар ҳалок бўлган воқеа эканини тасдиқлаган. Бироқ ҳарбий манба “улар болалар эмас эди”, деб даъво қилган ва бунга оид ҳеч қандай далил келтирмаган.
Қайд этиш жоиз, Ғазонинг айрим ҳудудларида “Сариқ чизиқ” аниқ белгилаб қўйилмаган ёки кўринмайди.
Бу Ғазода ўтин тераётган болаларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида саккиз ва ўн ёшли Фади ва Жума Абу Асси ногирон оталари учун ўтин олишга чиққан ва дрон зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Исроил ҳарбийлари ўша зарбани амалга оширганини тан олиб, болаларни “Сариқ чизиқ”дан ўтиб, шубҳали ҳаракатлар қилган ва жанубий Ғазода фаолият юритаётган Исроил мудофаа кучларига хавф туғдирган икки гумонланувчи” деб атаган.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳарбий ҳаракатлари оқибатида яна уч киши ҳалок бўлганини, октябрь ойида сулҳ кучга кирганидан буён қурбонлар сони 484 нафарга етганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил – Ғазода бошланган геноцид даврида 260 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходими ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси