Ҳукумат Бойсун фожиасидан хулоса чиқардими? Очиқланмаган рақамлар ва ечими йўқ муаммолар

Жамият

Ўзбекистоннинг газ заҳираси қанча? У аввал айтилганидек, 3 та Ўзбекистонни боқишга етадими? Сурхондарёдаги технологик авария сабаб бир кунда қанча газ йўқотилмоқда? Газ қазиб олинадиган ҳудудлардаги экологик вазият қандай? Фуқароларга компенсация тўланадими? Бу каби муҳим саволлар анчадан бери журналистлар ва жамоатчилик фаолларини қизиқтириб келаётган эди. Жорий йилнинг 20 апрелида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари саволларга жавоб берди.

2024 йилнинг 17 сентябрида Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида содир бўлган техник офат оқибатида 2 киши қурбон бўлган эди. Орадан шунча вақт ўтса ҳам бу манзилдаги муаммо ҳалигача ечилмади. Ҳозир ҳам ҳудуддан газ сизиб чиқади. У атрофга зиён етказмаслиги учун ёқиб қўйилган. Хўш, муаммо қачон ҳал этилади? У ердан бир кунда қанча миқдорда газ йўқотилмоқда?

“Бизларда аниқ рақамлар йўқ. Миқдор бўйича махсус комиссия шуғулланади. Бизнинг асосий ишимиз, аввал бартараф этиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш, ўзимизнинг таклифларимизни бериш. Бизнинг ҳам умидимиз шундан тез орада бартараф этиш. Шу нарса тўғрисида ўйлаяпмиз, ишлаяпмиз”, деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бош геологи Нодир Муҳиддинов.

Бойсундаги газ кони авариясига Президент Шавкат Мирзиёев ўзи раислик қилган Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда алоҳида тўхталган эди. Жорий йилнинг 27 февраль куни бўлиб ўтган учрашувда газни қайта ишлаш мажмуасидаги технологик мураккаб масалага ҳамкорлар билан илмий ечим топилгани қайд этилган. Айни шу масалада олиб борилаётган ишлар қандай экани ва қайси босқичга етгани ҳам йиғилганларни қизиқтирди. Бироқ, ташкилот мансабдори бу маълумотларни очиқлай олмаслигини маълум қилди.

“Бўлган технологик авария жуда ҳам мураккаб авария. Бунинг ечимлари топилган. Бир неча вариантлари бор. Хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда ишлаяпмиз. Лекин аниқ муддатларни ҳозир изоҳлашга имкониятимиз йўқ. Чунки, техник ечимни охирги мақбулини танлаб олингандан кейингина маълумот берса тўғри бўлади. Ҳаммани алдаб ёлғон маълумот бергандан кўра, ё умидвор қилгандан кўра, биз техниклар асосан аниқ ҳисоб-китобларга таянган ҳолда ишлашга ўрганганмиз”, деди Нодир Муҳиддинов.

Бир кунда қанча газ йўқотилаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ, бу қачон ва қандай  шаклда ечилиши бўйича ҳаракатларни хозирча айтиб бўлмайди. Ҳа, журналистлар билан очиқ мулоқот(!) форматида ўтган учрашувнинг айрим муҳим саволларига шундай жавоб берилди. Шу сабабли, бир неча йиллар олдин аввалги мансабдорлар томонидан аниқ айтилган газ заҳираси мавзуси очидли. 2020 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг газ заҳираси 1,86 триллион куб метр деб эълон қилинган ва 34 йилга етади дея таъкидланган. Ўша йилнинг февраль ойида у пайтдаги энергетика вазири Алишер Султонов Ўзбекистон газ заҳираси ҳақида кенг муҳокамага сабаб бўлган гапни айтган эди. “Газимиз 3 та Ўзбекистонни боқишга етади” деганди у. Хўш, “бугун заҳира қанча?”, деган савол ўртага ташланди. Бунга жавобан “Ўзбекнефтгаз” АЖ нинг бош геологи “мен бошқаларнинг айтган гапига жавоб бермайман” деди.

“Учта Ўзбекистонга етади, тўртта Ўзбекистонга етади дейдиган гапларни мен гапирмаганман. Мен бошқа мутахассисларни берган гапига жавоб бера олмайман. Мен ўзимни ваколатим доирасида, демак, биладиган рақамларимга жавоб бераман. Газ заҳиралари агар ҳозирги газ қазиб чиқариш ҳажмини олиб, йиллик ҳажмига ҳисобланадиган бўлса, ҳақиқатдан ҳисоблаб аниқланган ва давлат заҳиралари комиссиясида тасдиқланган заҳиралари келажакда стратегик Ўзбекистоннинг ривожланишини таъминлаш учун 30 йилдан ортиқ вақтга етарли дейдиган ҳисоб-китоблар бор”, дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ мансабдори.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ шу йил, 1 январдан “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” футбол клубларини молиялаштиришни тўхтатган эди. Шу вақтгача жамоаларга қанча пул сарфлангани ҳам очиқланди.

“Шу пайтгача футбол клублари ҳомийлик маблағлари сифатида молиялаштириб келинган. Ҳозирда биронта футбол клуби биз томонимиздан молиялаштирилмаяпти. Адашмасам, бир йилда 3-4 та футбол клубига 200-300 миллиард сўм атрофида пул ажратилган”, деди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг энергетика соҳаси мураккаб ва зиддиятли даврни бошидан кечирмоқда. Бир томондан Бойсундаги каби конларда кузатилаётган технологик қийинчиликлар ва экологик хавфлар аҳоли хавфсизлигини биринчи ўринга чиқараётган бўлса, иккинчи томондан заҳираларимизнинг камайиши ва нархлар барқарорлиги иқтисодий аниқ режаларни талаб қилмоқда. “Ўзбекнефтгаз”нинг футбол клубларини молиялаштиришдан воз кечиб, асосий эътиборни ишлаб чиқаришга қаратиши кўпчилик тили билан айтганда ақлли қарор. Аммо қабул қилинаётган илмий ва иқтисодий ечимлар, ислоҳотлар ҳамда фойдали ишлар оддий халқнинг хонадонига иссиқлик кўринишида кириб борсагина ҳақиқатдан олқишланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Алишер Султонов энергетика Президент Шавкат Мирзиёев экологик вазият газ заҳираси Сурхондарёдаги технологик авария Фуқароларга компенсация йиғилишда ҳамкорлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг