Гонконгда энг юқори даражадаги хавф эълон қилинди
Олам
−
18 Июнь 8072 2 дақиқа
Бугун, 18 июнь куни Гонконг расадхонаси маҳаллий вақт билан соат 12:55 да энг юқори – “қора” рангли ёмғир огоҳлантиришини эълон қилди. Бу эса мактабларнинг ёпилишига ва баъзи корхоналар фаолиятининг тўхташига сабаб бўлди. Расадхона аҳолидан бошпаналарда қолишни ва кучли сув тошқинларидан эҳтиёт бўлишни сўради. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Расадхона ўзининг расмий сайтида бир соат ичида 70 миллиметрдан ошадиган кучли ёғингарчилик давом этиши мумкинлигини маълум қилган. Бу жорий йил ҳисобидан “қора” хавф белгисининг иккинчи бор эълон қилинишидир. Биринчиси бундан бир ҳафта олдин – жорий йилнинг 8 июнь куни содир бўлган. Ушбу молиявий марказ Жанубий Хитойнинг катта қисми каби фаол кучли жануби-ғарбий муссон шамоллари ва паст босимли ҳаво оқимининг узоқ вақт сақланиб қолиши сабабли бир неча кундан бери тинимсиз ёғингарчилик остида қолмоқда.
Расадхонанинг билдиришича, кучли шамол шиддати Гонконгга таъсир қилишда давом этиши мумкин, шаҳарнинг жануби-ғарбий Тай О туманида шамол тезлиги соатига қарийб 80 кмни ташкил этгани қайд этилган.
Бу табиат ҳодисаси эртага, 19 июнь куни бошланадиган ва аҳолига кўпчилик саёҳат қилишни режалаштирган уч кунлик таътилни тақдим этадиган Аждарҳо қайиқлари фестивали (Dragon Boat Festival) арафасида юз бермоқда.
Чегаранинг нариги томонида – Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳри расмийлари ҳам “қизил” рангли ёмғир огоҳлантиришини эълон қилган ва аҳолини пастликдаги, сув босган ва ўзлари “бошқа хавфли ҳудудлар” деб атаган жойлардан узоқроқ туришга чақирган. Уларнинг айтишича, тоғларда сел келиши, кўчкилар ва бошқа табиий офатлар хавфи ортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда кучли ёмғирлар ва сув тошқинлари сабабли 22 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси