Грипп аломатлари, олдини олиш ва даволаш усулларини биласизми?

Саломатлик

image

Грипп тўсатдан бошланиб, бир неча соатда беморда иситма, йўтал (одатда қуруқ), бош оғриғи, мушаклар ва бўғимларда оғриқ, заифлик, томоқ яллиғланиши ва бурун оқиши пайдо бўлади.

Ушбу аломатларнинг баъзилари кузатилмаслиги мумкин, бироқ юқори иситма ва забтига олиш касалликнинг одатий белгиларидир. Бошқача қилиб айтсак, агар сиз бир неча кун ичида "йиқилиб" қолсангиз ва кейин касаллик ортга чекинса, бу грипп эмас, ўткир респиратор вирусли инфекция (ЎРВИ).

Гриппнинг сабаби эса нафас йўлларининг шиллиқ қаватига вируснинг кириб боришидир. Гриппнинг инкубацион даври 2 кундан 9 кунгача давом этади ва биринчи аломатлар пайдо бўлганидан кейин 5-10 кун давомида юқумли ҳисобланади.

Аксарият одамлар бир ҳафта ичида даволанмасдан тузалиб кетишади. Аммо хавф гуруҳи остидаги грипп жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Хавф гуруҳлари:

икки ёшгача бўлган болалар; 
65 ёшдан катта қариялар;
ҳомиладор аёллар;
ҳар қандай ёшдаги сурункали юрак, ўпка, буйрак, жигар, қон касалликлари,   шунингдек қандли диабетдан азият чекувчилар; 
иммунитети пасайган беморлар (масалан, ОИВ билан касалланганлар).

Вирус асосан ҳаво томчилари орқали юқади ва шу сабабли мактаб, болалар боғчаси, идоралар ва бошқа одамлар гавжум жойларда тез тарқалади. Кассаллик кўпинча йўталганда, аксирганда бемордан бошқага ўтади, шунингдек, қўл сиқиш орқали ҳам юқиш эҳтимоли бор. Шунинг учун вирус тарқалишининг олдини олишнинг асосий чораси – ниқоб тақиш (соғлом одам эмас, балки бемор) ва мунтазам равишда қўлни совун билан ювишдир.

Мавсумий грипп эпидемиялари кўпинча декабрдан мартгача кузатилади. Ҳар йили катталарнинг 5-10 фоизи, болаларнинг эса 20-30 фоизи гриппга чалинади. Аксарият инсонлар касалликка дош беришга қодир, аммо йилига 3-5 миллион одам гриппнинг оғир турини бошдан кечиради, бу эса 250-500 минг, баъзида эса 1 миллионгача кишининг ўлимига олиб келади.  

Гриппнинг олдини олишнинг бир неча йўли мавжуд, жумладан: 

касал одамлар билан алоқа қилишдан сақланиш; 

касалликнинг ҳар қандай белгилари кузатилганда, уйда қолиш; 

аксириш пайтида ва йўталаётганда оғиз ва бурунни рўмолча билан беркитиш;

имкон қадар қўлларни совун билан ювиш; 

агар бунинг имкони бўлмаса, антисептик воситалардан фойдаланиш;

айниқса жамоат жойларига ташриф буюрганда эҳтиёткор бўлиш.

Аммо гриппдан сақланишнинг энг самарали усули бу эмланишдир. Гриппга қарши эмланиш самарали ва хавфсиздир. У кўплаб мамлакатларда 60 йилдан ортиқ вақт давомида қўлланилиб келинмоқда. Вояга етган аҳолини эмлаш инфекциясинининг тарқалишини олдини олишга ёрдам беради. Аммо эмланиши жуда зарур бўлган аҳоли гуруҳлари мавжудки, уларда асоратлар ривожланиши таҳликаси ёки юқтириш хавфи жуда юқори. 

Шу боис ҳам ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) ҳар йили гриппга қарши вакцинацияни тавсия қилади.

Маълумот учун,грипп вирусининг 3 тури мавжуд: А, B ва C. 

А типидаги вируслар сирт оқсиллари бирикмаларига кўра, яна кичик турларга бўлинади. Грипп вирусларининг хилма-хиллиги орасида ҳозирги вақтда  A (H1N1) ва A (H3Н2) вируслари энг кўп тарқалган. Грипп эпидемияси бошланишидан олдин вакцина танлаш учун вируснинг инсон танасидаги доминант турини билиш муҳимдир.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

ОИВ ЎРВИ Грипп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг