Илк мундиал, боксдаги ғалабалар, шоҳ ва мот, бағрикенг теннис ва янги стадион – спорт сарҳисоби-2025

Спорт

Ўз ниҳоясига етаётган 2025 йил ўзбек спортида тарихий из қолдирди. Чунки айнан манашу йилда мамлакатнинг футбол бўйича миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор катта мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Бундан ташқари, бошқа спорт турлари, хусусан боксда ва шахматда ҳам кўзга кўринарли ютуқларга эришилди. Шунингдек, ўзбек спорт оламига алоқадор эътиборга молик айрим воқеалар ҳам содир бўлди. QALAMPIR.UZ яқин дақиқалар ичида сизга ушбу оламда йил давомида содир бўлган энг муҳим воқеаларни яна бир бор эслатади. Биздан узоқлашманг.

Тарих яратилди: Ўзбекистон МТЖ илк бор мундиалда қатнашади

Якунига етаётган йил айниқса, ўзбек футболи учун унутилмас бўлди. Албатта, энг катта воқелик бу – Ўзбекистон миллий терма жамоаси мамлакат мустақилликка эришганидан кейин – 34 йил ичида илк бор футбол бўйича FIFA Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун чиптани қўлга киритди. Мамлакат футболсеварлари айнан 2025 йилда бу тарихий воқеага ўз кўзлари билан гувоҳ бўлди. Айтиш жоизки, ушбу йўл осонликча босиб ўтилмади. Айни дақиқаларда қийин, аммо якуни биз учун ёқимли бўлган манашу йўлни яна бир бор ёдга оламиз.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашининг якуний – 3-босқичида “А” гуруҳидан ўрин олди ва Эрон, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон ва Шимолий Корея билан куч синашадиган бўлди. Умумий 10 та ўйин ва ким мундиалга бориши ойдинлашади. Айнан шу 10 ўйинлик “жанг”нинг 9-сида ўзбекистонлик футболчилар Жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал этди. 

Келинг, бошдан эслаймиз: 

2024 йил 5 сентябрь, Тошкент – “Бунёдкор” стадионида миллий жамоа илк ўйинини шимолий кореяликларга қарши бошлади. Оғир ўтган мазкур ўйинда Жалолиддин Машариповнинг 20-дақиқада киритган голи эвазига муҳим 3 очко қўлга киритилди. 

2024 йил 10 сентябрь, Бишкек – Қирғизистон пойтахтидаги баҳс ҳам жуда қийин кечди ва комбек амалга оширилди. Ҳал қилувчи нуқтани 72-дақиқада Остон Ўрунов ўзининг супер голини уриб, қўйиб берганди ва жамоа учун навбатдаги қимматли 3 очкони олиб келган эди. 

2024 йил 10 октябрь, Тошкент – “Бунёдкор”да навбатдаги жиддий синов: Ўзбекистон миллий терма жамоаси кучли Эрон миллий терма жамоасига қарши кечган муросасиз ўйинда 0:0 ҳисобида дурранг натижа қайд этди ва 1 очколи бўлди. 

2024 йил 15 октябрь, Тошкент – “Бунёдкор” мезбонлигида ўтган навбатдаги учрашувда Отабек Шукоровнинг пенальтидан киритган ягона голи мундиал учун яна бир дадил қадамга сабаб бўлди ва 3 очко олиб келди. 

Орадан деярли бир ой ўтиб – 2024 йилнинг 14 ноябрида миллий терма жамоа саралашдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди. Қатарда ўтган учрашувда Алмоиз Алининг дублига Аббосбек Файзуллаев дубль билан жавоб қайтарди, аммо асосий вақтга қўшиб берилган 12-дақиқада урилган голга жавоб қайтаришга вақт етмади. 

2024 йил 19 ноябрь – Лаос миллий стадионида шимолий кореяликларга қарши ўтган ўйинда Аббосбек Файзуллаев 44-дақиқада жарима майдони ташқарисидан гол уриб, жамоа учун саралашдаги навбатдаги муҳим 3 очкони келтирди.

2025 йил 20 март, “Бунёдкор” мезбонлик қилган ўйинда яна ягона гол – Ҳожиакбар Алижоновнинг голи қадрли 3 очко ёзилишига сабаб бўлди ва Ўзбекистон миллий терма жамоасини мундиалга яна бир қадам яқинлаштирди. 

Орадан 5 кун ўтиб, 25 март куни миллий терма жамоа Эронда меҳмон бўлди. Дастлаб, 16-дақиқада Ҳожимат Эркинов ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимнинг 7-дақиқасида Меҳди Тореми орадаги фарқни йўққа чиқарди. Орадан 1 дақиқа ўтибоқ, 53-дақиқада Аббосбек Файзуллаев жарима зарбасидан супер гол киритиб, яна меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Аммо ўйин якунига оз вақт қолганда Тореми гол уриб, жамоасига дурранг натижани кафолатлади.

Ниҳоят, 2025 йил 5 июнь – ўзбекистонликлар айнан манашу санада муҳим тарихий воқеага гувоҳ бўлди. Абу-Дабидаги “Ал-Наҳаён” стадионида бўлиб ўтган учрашув 0:0 ҳисобида якунланди. Мураббий Тимур Кападзе бошчилигидаги жамоага тарихда илк марта Жаҳон чемпионатига йўлланма олиш учун БААга ютқазмасликнинг ўзи кифоя қилди. Ўзбекистон, ўз навбатида, Марказий Осиёдан Жаҳон чемпионатига йўл олган илк жамоага айланди. Бош мураббий Тимур Кападзе эса тарихга кирди – у Ўзбекистонда ёшлар терма жамоасини Олимпия ўйинларига, миллий жамоани эса Жаҳон чемпионатига олиб чиққан илк мураббий бўлди. 

10 июнь куни Тошкентда, “Бунёдкор” стадионида ўтган ўйин эса “тўйга тўёна” бўлди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси босимсиз ўтган баҳсда Қатарни 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва майдоннинг ўзидаёқ Президент Шавкат Мирзиёевдан қийин йўлнинг якуни учун муносиб тарзда совғаларни қабул қилиб олди. Шу тариқа ўзбекистонлик футбол муҳлислари 2026 йилдаги мундиалда илк бор қайсидир севимли футболчиси ўйнагани ёки симпатияси борлиги учун эмас, миллий ғурур учун майдонга тушадиган ватан жамоасини қўллаб-қувватлайди. Улар экран қаршисида ёки бевосита стадионда айнан шу мақсадда пайдо бўлади.

5 декабрь куни АҚШда Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Унда Ўзбекистон мусобақа фаворитларидан бири Португалия, шунингдек, яна бир кучли жамоа – Колумбия билан бир гуруҳдан ўрин олди. Яна бир рақиб эса Ямайка, Конго ва Янги Каледония ўртасидаги ўтиш ўйини орқали аниқ бўлади. Умид қиламизки, Жаҳон чемпионатига мураббий Фабио Каннаваро билан бораётган жамоамиз марҳум қизиқчи Ҳожибой Тожибоев айтганидек, Америкадан фақат музқаймоқ еб қайтиб келмайди. Футбол иҳлосмандлари жиддийроқ натижаларни кутишга ҳақли, наздимизда.

Бокс: 2 та ташкилот ўтказган 2 та Жаҳон чемпионати ва Муроджон Аҳмадалиев

Футболдан фарқли ўлароқ боксда Жаҳон чемпионати ўзбекистонликлар учун қатнашиш орзу бўлган мусобақа эмас, аксинча бу спорт турида натижаларда етакчи бўлиш мақсад қилинади. 2025 йилда айнан шу спорт турида халқаро ташкилот сифатида боксни бошқаришга даъвогарлик қиладиган 2 та ташкилот Жаҳон чемпионати ўтказди. Ҳар иккисида ҳам ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари муносиб иштирок этди. 

Дастлаб, жорий йилнинг сентябрь ойида Англиянинг Ливерпул шаҳрида World Boxing томонидан уюштирилган жаҳон биринчилиги бўлиб ўтди. Дунёнинг 68 мамлакатидан 540 нафар боксчи иштирок этган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Абдумалик Халоков, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Фазлиддин Эркинбоев, Жавоҳир Умматалиев, Акмалжон Исроилов ва Тўрабек Ҳабибуллаевлар олтин медалларни ўзиники қилди. Навбаҳор Ҳамидова ҳамда Жаҳонгир Зокировлар кумуш медалга эга чиққан бўлса, Сабина Бобоқулова, Феруза Бобоқулова ва Азиза Зокировалар бронза медаллари билан кифояланди.

Декабрда эса Халқаро бокс ассоциацияси томонидан ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида катталар ўртасида бокс бўйича Жаҳон чемпионати ташкил қилинди. Ушбу турнирда ўзбекистонлик спортчилар умумий ҳисобда 9 та медалга эга чиқди. Ҳасанбой Дўсматов ва Асадхўжа Мўйдинхўжаев олтин медаль, Абдумалик Халоков, Жавоҳир Умматалиев, Тўрабек Ҳабибуллаев ва Арман Маханов кумуш медаль, Асилбек Жалилов, Фазлиддин Эркинбоев ва Хўжаназар Нортожиев бронза медалларга эга чиқди. World Boxing турниридан четлаштирилган россияликлар мазкур Жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори ўринларини ўзлариники қилди. Улар 7 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни олди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида ҳам ўзбекистонлик бокс муҳлислари катта воқеага гувоҳ бўлди. 14 сентябрь куни япониялик боксчи, мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэ Япониянинг Нагоя шаҳридаги IG Аренада чемпионлик унвонини ўзбекистонлик боксчи Муроджон Аҳмадалиевга қарши жангда ҳимоя қилди. Жангда Иноуэ эгалик қилиб келаётган Ring Magazine, WBC, WBA, WBO ва IBF камарлари ўртага қўйилди. Унда ҳакамларнинг якуний қарорига кўра, Муроджон Аҳмадалиев мағлубиятга учради, аммо яхшигина пул ишлаб олди. Иноуэ ва Аҳмадалиев жанги учун умумий гонорар тахминан 20 миллион доллар этиб белгиланган эди, бу ерда Иноуэ “А томони” сифатида 75/25 нисбатда тақсимотдан фойдаланди. У ўз фаолиятидаги энг катта гонорарини – 15 миллион долларни қўлга киритди. Муроджон Аҳмадалиев эса жангда даъвогар ва “Б томони” ҳисобланади. Шунинг учун, у Иноуэга қарши жангдан 5 миллион доллардан кўпроқ маблағ олди. Бу унинг фаолиятидаги энг катта гонорари бўлди, чунки у илгари ҳеч қачон 1 миллион доллардан ортиқ пул олмаганди.

Шахматдаги натижалар

2025 йилда ўзбекистонлик спортчилар шахматда ҳам кўзга кўринарли ютуқларни қўлга киритди. Хусусан, ноябрь ойида Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги бўлиб ўтди. Унда Жавоҳир Синдоров мазкур турнир ғолиблигини қўлга киритди. Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг турли мамлакатларидан 200 нафардан ортиқ шахматчи бош соврин учун кураш олиб борди. Жавоҳир Синдоров беллашувларнинг финалига қадар етиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда унга хитойлик Вей Йи рақиблик қилди. Мазкур қарама-қаршиликнинг дастлабки икки партияси дуранг билан якунланганди. Ғолиб эса тай-брейкда аниқланди ва Жавоҳир Синдоров 1,5 : 0,5 ҳисобида ғалаба қозонди ва Жаҳон кубоги ғолибига айланди. Қайд этиш жоиз, тарихда бирор марта ўзбек шахматчиси Жаҳон кубоги финалига қадар етиб бора олмаганди. Ушбу муваффақият орқали Жавоҳир Синдоров 2026 йилнинг март ойида ўтказиладиган номзодлар турнирида иштирок этади. Унга ушбу ғалабасидан сўнг Президент совғаси – хонадон топширилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони ҳам берилди.

Ўзбек шахматидаги яна бир истеъдодли спортчи ҳам йил якунига оз қолганда ўз ҳисобига нуфузли мусобақа ғолиблигини ёзиб қўйди. У Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги Emirates Stadium мажмуасида шахмат бўйича London Chess Classic 2025 турнирининг бош совринига эга чиқди. Мукофот жамғармаси 50 минг фунт стерлингни (796 млн 179 минг сўм) ташкил этувчи ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг кучли шахматчилари қаторида бош соврин учун курашган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов муддатидан аввал ғолиб бўлди.

Ёппасига ўзбекистон фуқаролигини олаётган россиялик теннисчилар

Россиянинг Украианага босқини ортидан халқаро турнирларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган спортчилар бошқа давлатлар байроғи остида бу чекловларни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йили россиялик эркин курашчи Разамбек Жамолов шундай йўл тутиб Ўзбекситон байроғи остида Олимпия ўйинлари ғолиблигини қўлга киритган эди. Сўнгги 2,5 ой ичида халқаро мусобақаларда ўз мамлакати байроғи остида қатнаша олмаётган 4 нафар россиялик теннисчи шундай йўл тутди, яъни Ўзбекистоннинг спорт фуқаролигини қабул қилди. Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида 21 ёшли россиялик теннисчи Мария Тимофеева спорт фуқаролигини Россиядан Ўзбекистонга ўзгартирди. Ҳозирда Тимофеева WTA рейтингида 146-ўринни эгаллаб турибди. У Россия теннисчилари орасида 14-поғонада қайд этилган. Унинг фаолиятидаги энг юқори кўрсаткич 2024 йил апрель ойида 93-ўрин бўлган. Бу натижага у 2023 йилда Будапештдаги WTA-250 турнири ғолиби сифатида эришган.

Орадан кўп ўтмай, 7 ноябрда яна 2 нафар россиялик теннисчи қизлар Ўзбекистон спорт фуқаролигини олгани маълум бўлди. Улар – Лайма Владсон ва Александра Бармичева. 18 ёшли теннисчи Лайма Владсон ITF талқинига кўра дунёнинг энг кучли 10 нафар ёш қизлари қаторига киради ва WTA жаҳон рейтингида 887-ўринда туради. У ёшлигидан яхши натижалар кўрсатиб, Европанинг энг истиқболли спортчилари сафида тилга олинади. Шунингдек, у 2025 йил 9–15 июнь кунлари бўлиб ўтган W15 профессионал турнирида яккаликда ғолиб бўлган. Ўзбекистон фуқаролигини олган яна бир теннисчи 15 ёшли Александра Бармичева ITF W15 Tashkent 2025 турнирининг энг ёш иштирокчиси бўлди. 2010 йил 25 июлда туғилган Александра аллақачон халқаро мусобақаларда ишончли ўйин намойиш этмоқда.

Декабрь ойи бошида Аёллар Теннис Ассоциацияси (WТА) рейтингида 109-ўринни эгаллаб турган профессионал теннисчи Камилла Раҳимова ҳам Ўзбекистон фуқаролигини олди. 24 ёшли Камилла Раҳимова 2001 йил 28 август куни Екатеринбургда туғилган. Камиланинг оиласи Ўзбекистон билан боғлиқ – унинг онаси Руфина Раҳимова ёшлигида ўз ёш тоифасида энг кучли теннисчилар қаторига кирган ва Ўзбекистон ССР шарафини ҳимоя қилган. Камилланинг катта акаси Тимур Раҳимов эса Тошкентда туғилган. Шу оилавий илдизлар Раҳимованинг Ўзбекистон номидан мусобақаларда  иштирок этиш қарорининг асосий сабаби бўлиши мумкин.

Орадан 2 ҳафта ўтиб, 15 декабрь куни яна бир россиялик ракеткачи спорт фуқаролигини Ўзбекистонга ўзгартирди. Гап дунёнинг 92-рақамли ракеткаси Полина Кудерметова ҳақида кетмоқда. 22 ёшли Полина Кудерметова Уимблдон чемпиони Вероника Кудерметованинг синглиси ва хоккей бўйича “Ак Барс” билан Россия чемпиони бўлган Эдуард Кудерметовнинг қизи ҳисобланади. Россия теннис федерацияси президенти Шамил Тарпиевнинг изоҳлашича, федерацияда маблағ етишмаслиги спортчиларнинг бошқа давлатлар қўлловини излашига сабаб бўлмоқда. Нима ҳам дердик, Ўзбекистон байроғи остида мусобақаларда қатнашадиган теннисчи қизларга Разамбек Жамоловнинг муваффаққиятли йўлини тилаймиз.

Ўзбекистон 3 та катта спорт мусобақасига мезбонлик қилади. FIA билан яқинлик

Жорий йилда Ўзбекистон қатор нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Хусусан, мамлакат 2026 йили 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига, 2027 йилда Озарбайжон билан биргаликда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига, 2029 йилда эса Ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Мазкур турнирлар қаторига “Формула-1” пойгалари қўшилиши мумкин. Декабрь ойида Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) президенти Муҳаммад бин Сулайм Ўзбекистонга келиб, мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлди. Улар FIA университетининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ўзбекистонлик пойгачилар, картинг ҳайдовчилари, муҳандислар, конструктор ва механикларни тайёрлаш, Ўзбекистонда замонавий автоспорт инфратузилмасини яратиш, пиёда ва транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш ҳамда мазкур халқаро ташкилот шафелигида халқаро мусобақалар, аввало, “Формула-1” босқичларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Юқорида қайд этилганидек, Ўзбекистон 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Озарбайжон билан шерикликда ўтадиган мусобақа олдидан тайёргарликлар бошлаб юборилди. Хусусан, айнан шу турнир баҳонасида Янги Тошкентда 55 минг ўринга мўлжалланган футбол стадиони қурилади. 11 ноябрь куни шахсан Президент Шавкат Мирзиёев ушбу стадион қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди. Ҳозирда мазкур лойиҳа бўйича Туркия компаниялари билан ишлар кетмоқда. Мақсад 2027 йилда бўладиган кичик мундиал финалини айнан шу аренада қабул қилиш.

Булар келаси йиллар учун биз кутаётган натижаларнинг ҳаммаси эмас. Ўйлаймизки, Ўзбекистонни илк бор Жаҳон чемпионатига олиб чиққан Темур Кападзенинг ўрнини эгаллаган Фабио Каннаваро мундиалда уни танлаган шахсларни, шунингдек, футбол мухлисларини хафа қилмайди. Шу билан бирга, таниқли юлдузнинг концертидан сўнг ўз вазифаларидан “четлаштирилган” “Бунёдкор” стадионининг ҳам майсаси ўсиб, бағрига футбол мухлисларини қайтаради деган умиддамиз.

QALAMPIR.UZ барчангизга янги йилда омад ва ғалабалар тилайди. Саломат бўлинг!


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг