Имомўғлининг 1 ярим ой давом этадиган суд иши бошланди

Олам

image

Бугун, 9 март куни Туркияда Истанбул шаҳрининг собиқ мэри, мухолиф Республика халқ партияси аъзоси Экрем Имомўғлининг суд жараёни бошланди. Бу ҳақда “Milliyet” хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 9 март куни 2025 йил 23 март куни коррупция иши доирасида ҳибсга олинган Экрем Имомўғли ҳамда бошқа айбланувчилар устидан суд жараёни бошланган. Жами 407 нафар судланувчи бўлиб, улардан 105 нафари ҳибсда. Ишнинг биринчи суд мажлиси Мармара очиқ турдаги қамоқхона мажмуасининг суд залида ўтказилади. 

Суд мажлислари апрель ойининг охиригача ҳафтасига 4 кун – душанба, сешанба, чоршанба ва пайшанба кунлари соат 10:00 да ўтказилиши режалаштирилган. Суд жараёнида дастлаб айбланувчиларнинг шахси аниқланади, сўнг айблов хулосасининг қисқача мазмуни ўқиб эшиттирилади ва кейин уларнинг ҳимоя нутқлари тингланади.

Республика халқ партияси (РХП) раиси Ўзгур Ўзел суд жараёнини кузатиш учун Силиврига бориши кутилмоқда. Шунингдек, партиянинг 81 вилоят раҳбари ҳам Силиврига бориши режалаштирилган. РХП суд жараёни узоқ давом этиши эҳтимолини ҳисобга олиб, вакиллардан иборат навбатчилик жадвалини ҳам тузган.

Суд мажлисига кирадиган айбланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар, адвокатлар, журналистлар ва кузатувчиларга махсус кириш карталари берилади. Дастлаб суд залига айбланувчилар, адвокатлар ва жабрланувчилар киритилади, шундан кейин журналистлар ҳамда бошқа кузатувчилар кириши мумкин бўлади.

Суд ҳайъати жорий йил 4 март куни прокуратура, жазони ижро этиш муассасаси, полиция ва жандармерия бўлинмаларига расмий хатлар юборган.

Айблов хулосасига кўра, қуйидаги шахслар “жиноий ташкилот раҳбарлари” сифатида кўрсатилган:

  1. Фотиҳ Келеш;
  2. Мурод Онгун;
  3. Адем Сўйтекин;
  4. Ҳусайн Гун;
  5. Мурод Гулиброҳим ўғли;
  6. Эртан Юлдуз.

Прокуратура пора олиш ва бериш, давлат тендерларига аралашиш, фирибгарлик, ҳужжатларни сохталаштириш каби турли жиноятлар бўйича қуйидаги жазоларни сўрамоқда:

  1. Фотиҳ Келеш – 556 йил 8 ойдан 1542 йил 8 ойгача;
  2. Мурод Онгун – 287 йил 6 ойдан 779 йил 6 ойгача;
  3. Эртан Юлдуз – 86 йилдан 251 йилгача;
  4. Адем Сўйтекин – 67 йилдан 194 йилгача;
  5. Мурод Гулиброҳим ўғли – 19 йил 6 ойдан 51 йилгача;
  6. Ҳусайн Гун – 20 йилдан 40 йилгача.

Айблов хулосасида ушбу шахслар содир этилган барча жиноятлар учун ҳам жавобгар бўлиши кераклиги қайд этилган. Айрим айбланувчилар – Адем Сойтекин, Ҳусайн Гун ва Эртан Юлдуз бўйича эса “фаол пушаймонлик” (яъни жиноятни тан олиб терговга ёрдам бериш) қоидаларини қўллаш сўралган.

Экрем Имомўғли бўйича айбловлар

Айблов хулосасида Экрем Имомўғли “манфаат учун тузилган жиноий ташкилот” етакчиси сифатида кўрсатилган. У қуйидаги жиноятларда айбланмоқда:

  • жиноий ташкилот тузиш;
  • шахсий маълумотларни ноқонуний йиғиш;
  • шахсий маълумотларни қўлга киритиш ва тарқатиш;
  • жиноят далилларини яшириш;
  • алоқа воситаларига тўсқинлик қилиш;
  • давлат мулкига зарар етказиш;
  • пора олиш;
  • жамоатчиликни чалғитувчи маълумот тарқатиш;
  • мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
  • давлат ташкилотларига нисбатан фирибгарлик;
  • жиноятдан олинган даромадларни “ювиш”;
  • давлат тендерларига ноқонуний аралашиш;
  • атроф-муҳитни қасддан ифлослантириш;
  • Солиқ, Ўрмон ва Кончилик тўғрисидаги қонунларни бузиш.

Мазкур айбловлар бўйича прокуратура Экрем Имомўғли учун 849 йилдан 2430 йил 6 ойгача қамоқ жазоси тайинланишини сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ суд томонидан Экрем Имомўғлига нисбатан “сиёсий ёки ҳарбий жосуслик” айблов қабул қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Туркия Экрем Имомўғли Имомўғли Истанбул шаҳри

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг