Исроил баллистик ракеталар билан Эронга зарба берди (видео)

Олам

image

Бугун, 8 июнь куни Исроил Эроннинг жанубий-ғарбида жойлашган нефть-кимё мажмуасига, шунингдек бошқа ҳарбий нишонларга зарбалар уюштирди. Бу ҳақда мамлакат расмийлари маълум қилди.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхудан кейинги ҳужумлардан тийилишни сўраганига қарамай, Исроил Маҳшаҳр нефть-кимё мажмуасидаги нишонлар мўлжалга олинганини билдирди. Эроннинг ярим расмий Fars ахборот агентлигига кўра, вилоят расмийси мажмуанинг айрим қисмлари зарар кўрганини тасдиқлаган.

“Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Маҳшаҳр нефть-кимё мажмуасидаги бир нечта нишонларга зарба берди”, деган Исроил мудофаа кучларининг қисқа баёнотида.

Зарарлар кўлами ҳақида ҳозирча қўшимча маълумот берилмаган. Эрон давлат ОАВлари Эронга қарши уруш бошланган 28 февралдан буён заводнинг 5 та ишлаб чиқариш линияси душман снарядлари зарбасига учраганини маълум қилган.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси улар Носира шаҳри яқинида жойлашган Рамат Давид авиабазасини нишонга олганини билдирган. Исроил ҳарбийлари эса, Эрондан учирилган ракеталар аниқланганини ва ҳаво мудофааси тизимлари уларни тўсиб қолганини маълум қилган.

“Қуддус шаҳрида соат 06:00 да ракета хавфи ҳақидаги огоҳлантириш сигналлари янгради”, деб ёзган АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби Х тармоғида. У шунингдек, “Шайтоннинг она кемаси Теҳронда жойлашган”, дея қўшимча қилган.

Исроил ҳарбийлари яна бир баёнотда Ямандан учирилган деб баҳоланган ракетага қарши ҳаво мудофаа тизимлари ишга туширилганини маълум қилган. Агар тасдиқланса, бу Яман томонидан ўт очишни тўхтатишдан кейин Исроилга қарши амалга оширилган биринчи ҳужум бўлади.

Аввалроқ, Трамп Исроил ва Эроннинг янги ҳужумлари унинг маъмурияти Теҳрон билан олиб бораётган тинчлик музокараларига таъсир қилмаслигини айтган ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “қарор қабул қилувчи шахс эмас”лигини таъкидлаган.  

Трамп Эрон билан кенгроқ можарога барҳам бериш бўйича келишув учун имконият яратиш мақсадида Исроилни Ливандаги ҳужумларни тўхтатишга ундаб келмоқда. Ўтган ҳафта у телефон суҳбати чоғида Нетаньяхуни кескин танқид қилгани ҳам хабар қилинганди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Исроил мудофаа кучлари Эроннинг ҳарбий нишонларига зарба берилганини маълум қилган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса, Исроил ҳужумларда ҳаводан учириладиган баллистик ракеталардан фойдаланганини билдирган.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йехиэл Лейтер эса, Х ижтимоий тармоғида аввал Эрон Исроилга 11 та баллистик ракета учирганини маълум қилган ва “ҳамма бу телба режимдан тўйди”, деб ёзган. Унинг айтишича, Исроил Эроннинг ердан-ерга учириладиган ракеталар старт майдончалари ҳамда инфратузилма объектларини нишонга олган.

“Дунёда ўзини ҳурмат қилган бирорта давлат ҳам бундай ҳужумга тоқат қилмайди. Исроил ҳам тоқат қилмайди”, деган у.

Маълумотларга кўра, сўнгги кескинлик нефть нархларининг яна кўтарилишига сабаб бўлган. 8 июнь куни Brent эталон нефти 3 фоиздан ортиқ қимматлашиб, бир баррел учун 96 доллардан юқори кўтарилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Исроил баллистик ракета

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг