Исроил ва БАА махфий темирйўл лойиҳасини қайта тиклади
Олам
−
25 Ноябрь 5295 2 дақиқа
Исроил Бирлашган Араб Амирликлари билан биргаликда Форс кўрфазини Ўртаер денгизи билан боғлайдиган “Тинчлик йўли" темирйўл лойиҳасини қайта тиклади. Бу ҳақда Исроилнинг “Cursorinfo" нашри хабар берди.
Келтирилишича, Исроилни Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан боғлайдиган янги темирйўл лойиҳаси бир неча йилдан бери деярли жимгина амалга оширилган, аммо маълум муддат тўхтаб қолган.
Темирйўл лойиҳаси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг Оқ уйга ташрифидан сўнг яна дарҳол қайта тикланган.
Исроил Транспорт вазири Мири Регев ўтган ҳафта бу масалани муҳокама қилиш учун БААга яширинча ташриф буюрган ва Исроил делегацияси Абу-Дабидаги музокараларни муваффақиятли якунлаб, мамлакатга қайтган.
Режага кўра, Ҳиндистоннинг Мундра портидан келадиган юклар аввал денгиз орқали БААга етказилади. БААдан эса махсус темирйўл билан Саудия Арабистони ва Иордания ҳудуди орқали Ҳайфа портига олиб борилади. У ердан эса юклар Европа бозорларига йўналтирилади.
Ушбу темирйўл лойиҳаси Иброҳим келишувларининг мантиқий давоми бўлиб, минтақавий савдо ва логистика оқимини тубдан ўзгартириши кутилмоқда.
Ҳозиргача БААдан келган юк машиналари Алленби (Подшоҳ Ҳусайн) пункти орқали ўтгани сабабли мураккаб ва узоқ бюрократик тартибларга дуч келаётган эди. Янги тизим эса махсус рухсатномалар асосида анча тезкор ва соддалаштирилган тартибда ҳаракатланиш имконини яратади.
Маълумот ўрнида, дастлаб 2018 йилда АҚШ томонидан илгари сурилган “Тинчлик учун темирйўллар” ташаббуси бугунги кунда Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Европани боғловчи IMEC (India–Middle East–Europe Corridor) иқтисодий йўлагига айланган. Мазкур йўлак нафақат юкларни темирйўл ва денгиз орқали ташиш имконини беради, балки унда алоқа кабеллари, энергия қувурлари ва бошқа муҳим инфратузилма объектлари ҳам жойлаштирилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил 2025 йилнинг 10 октябридан бошланган ҲАМАС билан сулҳ келишувидан сўнг Ғазодаги ўз назорати остида қолган ҳудудлардаги 1 500 дан ортиқ биноларни вайрон қилгани ҳақида хабар берилганди.
Комила Қобилова
Live
Барчаси