Исроил вазири ҳусийларга таҳдид қилди

Олам

image

Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Ямандаги ҳусийларни огоҳлантириб, уларнинг бошидан Миср фиръавнига юборилган 10 та фалокат ёғдирилишини айтди. Бу ҳақда вазир Х тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Вазирга кўра, ҳусийлар Исроил ҳудудига ракета отишга уриниб кўрган. Исроил армияси бугун, 4 сентябрь куни Яман ҳудудидан учирилган ракетанинг Исроил ҳудудидан ташқарига қулаганини маълум қилган. Бундан олдин эса яна 2 та ракета уриб туширилган эди.

Ҳусийлар бу ҳаракатларни қасос олиш мақсадида амалга оширмоқда. Ҳаммаси Исроилнинг Ямандаги Сана шаҳрига амалга оширган авиация зарбасидан сўнг бошланган. Жорий йилнинг 28 август куни Исроил ҳусийлар раҳбариятини илк бор нишонга олганди. Бунгача Исроил, асосан, Ямандаги ҳарбий объектлар ва ҳусийлар фойдаланаётган фуқаролик инфратузилмаларига зарба берарди. Аммо Исроил ҳаво кучлари ўша куни президент саройи жойлашган ҳарбий базани нишонга олди. Шунингдек, икки электр станцияси ва ёқилғи омборига ҳам зарба берди. Ҳужум оқибатида ҳусийлар ҳукуматининг бош вазири ва бир нечта амалдорлари ҳалок бўлган эди. Ўшанда аламзада ҳусийлар ўз бош вазири ва бошқа сиёсий етакчиларнинг Исроил авиаҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани учун қасос олишга ваъда берганди.

“Биз уларга зулмат фалокати, тўнғич фарзанд фалокати – 10 та фалокатнинг барчасини ёғдирамиз”, деган Мудофаа вазири. 

Қайд этиш жоизки, вазир ушбу сўзлари билан яҳудийлар учун муқаддас саналган китоб – Тавротнинг “Чиқиш” китобидаги Миср фиръавнига юборилган 10 та фалокатни ёдга олмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҳусийлар Исроил Кац Таврот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг