Исроиллик бобслейчиларнинг квартираси талон-торож қилинди
Спорт
−
12 Февраль 1060 1 дақиқа
Олимпиада ўйинлари олдидан Исроил бобслей жамоаси ижарага олган квартира талон-торож қилинди. Бу ҳақда жамоа аъзоси Адам Эде Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Спортчининг билдиришича, ўғирланган буюмлар орасида паспортлар, спорт анжомлари ҳамда бошқа шахсий нарсалар бўлган.
Маълумотларга кўра, талончилик Чехия Республикасида содир бўлган. Маҳаллий полиция воқеа юзасидан тергов ишларини бошлаган. Бобслейчилар Олимпиада олдидан ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун ушбу квартирани ижарага олишган. Хабарларга кўра, ушбу воқеадан сўнг жамоанинг айрим аъзолари ҳали Олимпия ўйинлари ўтказилаётган Италияга етиб келмаган.
Маълумот учун, Исроил бобслей жамоаси Олимпия ўйинларида илк бор иштирок этади. Дастлаб спортчилар саралаш босқичида етарли очко тўплай олмаганди. Бироқ Буюк Британия жамоаси квоталардан бирини рад этганидан сўнг, исроилликларга икки ва тўрт кишилик экипаж баҳсларида қатнашиш ҳуқуқи берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италияда Милан-Кортина–2026 қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Исроил спортчилари делегацияси трибуналар томонидан ҳуштакбозлик билан қарши олинганди.
Live
Барчаси