Қамчибек Ташиевга давлат тўнтаришига уриниш айблови қўйилди
Олам
−
29 Апрель 10811 1 дақиқа
Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев, собиқ депутат Қурманкул Зулушев ва Жогорку Кенешнинг собиқ спикери Нурланбек Шакиевларга давлат тўнтаришига уриниш айблови расман эълон қилинди. Бу ҳақда адвокат Шердор Абдикаппаров маълум қилди.
Адвокатнинг айтишича, уччала шахсга ҳам илгари ушбу иш бўйича бошқа фигурантларга қўйилган айблов моддалари ўқиб эшиттирилган.
Гап оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ҳамда тергов томонидан давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳоланаётган ҳаракатлар билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳақида бормоқда.
Маълум қилинишича, Ташиев “Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш ёки ушлаб туриш, шунингдек, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга қаратилган ҳаракатлар” ва “Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш” моддалари билан ҳам айбланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Элвира Сурабалдиева Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев давлат тўнтаришига уриниш ташкил этгани учун лавозимидан озод этилганини маълум қилганди.
Мамлакат Президенти Садир Жапаров ҳам Жогорку Кенешда сиёсий фитна қилишга уринган маълум бир гуруҳ шаклланганин айтганди. Унга кўра, режа амалга ошмагач, ушбу жараёнга алоқадор айрим депутатлар ўз айбларини англаган бўлиши мумкин ва шу сабабли мандатларини топширган.
Live
Барчаси