Қашқадарёда мухбир фирибгарликда айбланиб қамалди

3-саҳифа

image

“Aspekt 24” ахборот агентлигининг 2 нафар махсус мухбири суд ҳукми билан фирибгарлик қилишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти жиноят ишлари бўйича Кўкдала туман судининг 2025 йил 4 ноябрдаги ҳукми билан А.А. (1988 йилда Тошкент вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми “а” банди ва 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, И.Э. (2004 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 28,168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

А.А.га 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, И.Э.га 3 йил муддатга (Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 1 йил-у 4 ой 12 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилган) ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Шунингдек, А.А. ва И.Э. Жиноят кодексининг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга давлат иштирокидаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Билдирилишича, айни пайтда биринчи инстанция судининг ҳукми қонуний кучга кирган бўлиб, ушбу ҳукм устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлидир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик Қашқадарё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг