Қирғизистон вазири собиқ президентга жавоб қайтарди
Олам
−
11 Ноябрь 10235 2 дақиқа
Қирғизистон Энергетика вазири Таалайбек Ибраев собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг унинг раҳбарлиги даврида мамлакат электр энергияси импортидан воз кечиб, йирик энергетика лойиҳаларини амалга оширгани ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. Расмийнинг жавоби маҳаллий оммавий ахборот воситаларида чоп этилди.
Таалайбек Ибраевга кўра, Алмазбек Атамбоевнинг аксарият баёнотлари “ҳақиқатга тўғри келмайди ва манипуляция характерига эга”.
Вазир 2010 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон Қозоғистон ва Тожикистондан ўртача бир киловатт/соат электр энергиясини 5 сомдан сотиб олишни давом эттирганини маълум қилди. Энди унинг айтишича, импорт арзонроқ – 3 сом атрофида.
Таалайбек Ибраев 2017-2018 йиллардаги импортсиз икки қиш мавсуми ислоҳотлар туфайли эмас, балки ёғингарчиликнинг кўплиги ва “Тўқтағул” сувомборида сув сатҳининг кўтарилиши билан боғлиқлигини таъкидлади.
Унинг айтишича, станция қувватини 240 мегаваттга кенгайтириш 2022-2025 йилларга мўлжалланган.
“Собиқ давлат раҳбари даврида бу ишлар тайёргарлик босқичида эди”, деди вазир.
У “Датка-Кемин” электр узатиш линияси лойиҳаси Алмазбек Атамбоев даврида якунланганини тасдиқлади, лекин унинг нархини CASA-1000 лойиҳаси билан солиштирди. Бошқарма маълумотларига кўра, электр тармоғининг 1 километри қимматроқ бўлган ва Таалайбек Ибраевнинг сўзларига кўра, “фарқ 90 миллион доллардан ортиқни ташкил қилган”.
Мулозим ҳеч қачон бошланмаган “Юқори Норин” ГЭС каскади қурилишини эслади. Унинг сўзларига кўра, келишув бекор қилинганидан кейин Қирғизистон Россия томонига арбитраж қарори асосида тахминан 51 миллион доллар тўлаган.
Қолаверса, Таалайбек Ибраев электр энергияси тақчиллигини “тизимнинг қулаши” билан эмас, балки истеъмолнинг ортиши билан боғлади: 2018 йилда бу кўрсаткич 14 миллиард киловатт-соатга яқин эди, ҳозир эса 20 миллиард киловатт-соатга яқин.
У мамлакатда Қамбарота ГЭС-1, Қуланак, Бала-Саруу каби янги электр станциялари қурилаётгани, Қора-Кечин ИЭС лойиҳаси амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Таалайбек Ибраев Алмазбек Атамбоев даврида “бирорта ҳам янги ГЭС қурилмагани” ва жорий лойиҳалар узоқ муддатли истиқболда импортга қарамликни камайтиришга қаратилганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири Таалайбек Ибраев Қирғизистонда 2025-2026 йиллардаги қиш мавсуми жуда оғир ўтишини айтганди.
Live
Барчаси