Қозоғистон танкерларга қилинган ҳужумлардан хавотирда – ТИВ
Олам
−
14 Январь 4778 2 дақиқа
Аввалроқ Қозоғистон нефтини ташувчи иккита танкер Қора денгизда ҳужумга учрагани ва ҳодисалар Каспий қувур консорциуми (КҚК) денгиз терминали яқинида содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳодисларга муносабат билдириб, дрон орқали қилинган ҳужумлардан жиддий хавотирда эканини маълум қилди.
Вазирликка кўра, ушбу ҳодиса ортидан мамлакат расмийлари бир қатор Европа мамлакатлари элчилари билан фавқулодда учрашувлар ўтказган, шунингдек, АҚШ ва бошқа хорижий ҳамкорлар билан боғланган. Мулоқотда углеводородларни, жумладан, денгиз йўллари орқали ташишни хавфсиз таъминлаш бўйича самарали чоралар кўриш зарурлиги айтилган.
Идорага кўра, Қозоғистон ҳар қандай қуролли можаронинг тарафдори эмас. Мамлакат глобал ва Европа энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда ва энергия ресурсларини етказиб беришни узлуксиз таъминламоқда. Мазкур танкерларда эса барча зарур рухсатномалар мавжуд бўлган ва улар талаб қилинадиган идентификация ускуналари билан жиҳозланган.
Вазирлик, шунингдек, ҳодисалар сонининг ортиши халқаро энергетика инфратузилмаси фаолияти учун хавфли эканини билдирган.
“Ҳодисалар сонининг кўпайиши халқаро энергетика инфратузилмасининг фаолияти учун хавф-хатарларнинг ортаётганини кўрсатади. Ҳамкорларни келажакда шундай ҳодисаларни олдини олиш бўйича қўшма чораларни ишлаб чиқишга яқин ҳамкорлик қилишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, кеча, 13 январь куни Қозоғистон нефтини ташувчи иккита танкер Қора денгизда ҳужумга учраган. Биринчи ҳодисада Мальта байроғи остидаги Matilda танкери ҳужумга учраган. Экипаж орасида ҳеч ким жабрланмаган ва ғаввос қисми ёки бошқа қисмлар шикастланмаган. Кема KazMunayGas миллий компаниясининг шуъба корхонаси томонидан ижарага олинган.
Бундан ташқари, Либерия байроғи остидаги Delta Harmony танкери ҳам ҳам дрон ҳужумига учраган. Ҳодиса оқибатида ёнғин чиққан, аммо тезда ўчирилган. Экипаж орасида ҳеч ким жароҳат олмаган. Иккала кема ҳам бўш бўлган, шунинг учун Қозоғистон экспорт ресурсларига зарар етмаган.
Live
Барчаси