Қозоғистонда референдум олдидан “сукут куни” бошланди

Олам

image

Бугун, 14 март куни Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум олдидан “сукут куни” бошланди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.

Мамлакат қонунчилигига кўра, “сукут куни” референдумдан бир кун олдин ўтказилади. Шу кундан бошлаб ҳар қандай сайловолди ташвиқоти тақиқланади. 

Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдировнинг айтишича, “сукут куни” давомида референдумни қўллаб-қувватлаш ёки унга қарши ташвиқот олиб бориш мумкин эмас. Олдин жойлаштирилган материаллар олиб ташланмайди, бироқ уларни ижтимоий тармоқларда қайта тарқатиш тақиқланади.

Комиссия аъзоси Лaззат Суиндикнинг маълум қилишича, 14 март куни референдумни қўллаб-қувватловчи ёки унга қарши ҳар қандай нашрлар тақиқланади. Шунингдек, эртага, 15 март куни сўров натижаларини эълон қилиш ҳам мумкин эмас. Қоидани бузган фуқаролар ва ташкилотлар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маълумот учун, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2026 йил 15 март куни янги Конституция бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисида фармон имзолаганди. Янги Конституция лойиҳасининг тўлиқ матни эълон қилинган. Агар ҳужжат референдумда қабул қилинса, у 2026 йил 1 июлдан кучга киради. Марказий сайлов комиссияси фуқаролар референдумда янги Конституцияни қабул қилиш ёки рад этиш бўйича овоз беришини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдумни ташкил этиш ва ўтказиш учун ҳукумат захирасидан 20,7 миллиард тенге (тахминан 40 млн доллар) ажратилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Конституция референдум Қосим-Жомарт Тўқаев сукут куни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг