Елкасига кафанини ортганлар

Жамият

Одамлар кўпинча касб танлашда ўзларининг қизиқишлари, иқтидори, меҳнат бозоридаги ҳолат, иш ҳақи, иш ва ҳаёт ўртасидаги мувозанат, келгусидаги мартаба имкониятлари ҳамда шахсий қадриятларини ҳисобга оладилар. Касбий йўналишда давом этар экан, инсон бу фаолиятдан оладиган ижобий ёки салбий натижаларга аста-секин мослашиб, уларни енгиб ўтишни ўрганади. Ер юзидаги барча соҳаларда турли-туман касблар мавжуд. Биз болалик чоғимизда ўзимизни шифокор, ўқитувчи, учувчи ёки ҳуқуқ-тартибот органи ходими сифатида тасаввур қилиб кўрамиз. Кимдир маълум бир касбни чин дилдан қизиқиб танласа, бошқаси ундан олинадиган молиявий фойда ёки оилавий анъаналарни давом эттириш мақсадида танлайди. Шунингдек, дунёда шундай инсонлар ҳам борки, улар учун моддий барқарорлик ёки авлоддан авлодга мерос қолган касб йўли муҳим эмас – уларни биргина нарса қизиқтиради: ўткир фикр, собит ирода ва катта юрак. Бу фазилатлар уларга ўз йўлларини топишда йўлдош бўлади. Устозларимиздан бири “жасорат жинс танламайди”, деб айтган эди. Ушбу касб эгаларини ҳам аёллар, ҳам эркаклар қамраб олади, тобора таҳликали бўлиб бораётган бугунги ғавғоли замонда улар нафақат ўзи учун, балки бошқалар учун ҳам яшайди, зулмга, адолатсизликка учраган, чорасиз аҳволда қолганларнинг дардини тинглаб, ҳақ қарор топиши учун курашади, бу йўлда кимларнингдир думини босиб қўйиб таҳдид ва тазйиқларга учрайдиганлари ҳам оз эмас. Ҳа, ўйлаганингиздек, гап кафани елкасига ортилган журналистлар ҳақида кетмоқда. 

Ана шундай залворли юкни елкасига ортган бир қатор соҳа вакиллари кеча, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан анъанавий “Олтин қалам” XIX миллий мукофотини топшириш маросимида тақдирланди. Мукофотланган оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерлар қаторида QALAMPIR.UZ нашри ҳам бор. Тақдирланган ва тақдирланмаган барча журналистлар, блогерлар, соҳа вакилларини байрам билан табриклаб, уларнинг олтин қаламлари қиличга айланишини, қаршисидаги адолатсиз, зулмкор кимсаларни, холис фаолиятига ёв бўлаётганларни шу қиличи билан чопиб ташлашини тилаб, баъзиларни суҳбатга чорладик. 

Журналист ва шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов бугунги журналистиканинг ютуқларига тўхталиб ўтар экан, ҳозирги давр аввалги даврга нисбатан очиқроқ экани, медиада рақобат борлигини ва бу орқали талантлар етишиб чиқишини урғулади. 

“Инсон тўймайди, яна-яна бўлишини хоҳлайди, янада бўлиши учун эса курашиш керак. Мен одатда журналист йигитлар, ёшлар бизга шароит қилиниши керак деса, йўқ, сиз шароит учун курашасиз дейман. Шунда журналист бўлади, курашади ва ўзига шароит яратиш асносида ўзининг ижоди билан халққа ҳам енгиллик туҳфа этади”, дейди “Шуҳрат” медали соҳиби.

“Маданият ва маърифат” телеканали катта муҳаррири Нозима Воҳидова 30 йиллик тажрибасидан келиб чиқиб, бугунги ўзбек журналистлари, янги авлод вакиллари учун ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан беҳад имкониятлар мавжуд эканини, фақат ракурслар тўғри танланиб, таҳлил ва танқид холис бўлиши кераклигини, халқ дардига эш бўлиш имконияти етарли эканини айтади.

“Баъзан соҳадаги билим етарли даражада эмаслиги, техника-технологияларни, тилларни билмаслик панд беради. Лекин ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, аксарият ёшлар бизларга  ижобий маънода ижодий рақобатчи. Улар бизни янада изланишга даъват қилишади, чунки бизга нисбатан техникаларни яхшироқ билишади, агар мана шу шашт уларда ўлмаса, мавзуни ичига кириб, чуқур таҳлил қилишса, дунё саҳнига чиқадиган журналистлар етиладиган жабҳада турибмиз”, дейди Нозима Воҳидова.

“Шуҳрат” медали билан тақдирланган блогер Элдор Асанов бугунги оммавий ахборот воситаларида техника яхши ривожлангани, видеоконтент кўпайгани, сифат ошганини эътироф этди. Аммо матнга эътибор сусайгани, авваллари газеталар танқид қилинса ҳам уларда таҳрир мактаби, сўз ишлатиш усули бўлганини, бугун кўплар видеоконтентга ўтиб кетиб, сўз билан ишлайдиган журналистлар камлигини билдирди.

“Мавзуга тўхталадиган бўлсак, менга жудаям ёқадиган жиҳат – бугунги ўзбек медиасида шаҳарсозлик, экология, атроф-муҳитни асраш, жониворлар ҳуқуқи каби дунё миқёсидаги ахлоқий ва долзарб мавзулар кўпайган. Аммо беш йил олдинги танқидий руҳ сусайиб қолган”, деди блогер. 

QALAMPIR.UZ нашри директори Қамариддин Шайхов журналистикадаги муаммолар орасида журналистларнинг ўзида ҳам муаммолар борлиги, уларда маданият етишмаслиги, ўзини қаерда қандай тутишни билмаслиги, ўзини ҳақ деб билишини қайд этди.

“Балки биз ақллилар орасида энг аҳмоғи бўлишимиз мумкин ва адолат талаб қилиб чиқаётган жойда ўзига нисбатан адолат ишламай қолиши каби ҳолатлар жуда ҳам кўп”, деди тадбирда долзарб мавзудаги энг яхши танқидий‑таҳлилий материал номинацияси бўйича “Олтин қалам” мукофоти билан тақдирланган журналист.

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа эса бугунги медиада бачкана, саёз материаллар кўпайгани, одамлар шундай контентларга мослашиб қолганини айтди. 

“Ахборот саёз – “долзарб”, “эътибор қилинг” деб хабар беришади, одамларимиз шунга мос бўлиб қолди, диди шаклланиб қолди, мана шу чатоқ. Мен истардимки, одамларнинг савиясини кўтарайлик”, деди ректор.

Республика “Нуроний” жамғармаси раисининг 1-ўринбосари, фахрий журналист Шароф Убайдуллаев эса Журналистлар уюшмаси фаолиятидан қониқмаслигини айтиб, ташкилот фаолиятини кескин танқид қилди. Қолаверса, у бугунги журналистиканинг аҳволи танг эканини айтмоқда.

“2000 газетамиз бор деб жар соламиз, аммо баъзи газеталарнинг тиражи 500 тага ҳам етмайди. Менга иссиқ-совуғи йўқ, лекин айрим хабарларга қараганда умуман журналистика оламида йўқ одамлар бугун журналистиканинг тепасида турибди. Биз илғорлар билан орқада қолаётганларнинг фарқига бормасак, журналистикамиз бугунги Журналистлар уюшмасига ўхшаган қашшоқ ва айни пайтда мутлақо журналистикадан узоқ бўлган ташкилотларнинг қўлида қолади ва Президентимизнинг иззат-ҳурматига мутлақо жавоб бермаган бўлади”, дейди отахон журналист Шароф Убайдуллаев.

Тадбирда биз шоир Жамшид Акбаровни ҳам учратиб қолдик. У журналистларни касб байрами билан табриклаб, ушбу соҳа вакилларига бағишланган “Журналистлик машаққатини чекаётганлар” номли янги шеърини ўқиб берди.

Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

журналист Олтин қалам Қамариддин Шайхов Нозима Воҳидова Шерзодхон Қудратхўжа оммавий ахборот воситалари Хайрулла Ҳамидов Элдор Асанов Шароф Убайдуллаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг