“Келгиндиларнинг иши”. Инсон қўли билан қурилганига ишонилмайдиган олти иншоот
Бу қизиқ
−
10 Октябрь 48901 6 дақиқа
Ернинг ҳар бир бурчагида учраши мумкин бўлган қадимий археологик обидаларнинг баъзилари ўз даврининг технологик имкониятларига сиғмайдигандек кўринади, чунки улар жуда улкан, жуда оғир ёки жуда мураккаб. Шунинг учун кўпчилик Миср пирамидалари, Наска чизиқлари ва бошқа иншоотлар гўёки ўзга сайёраликлар томонидан қилинган, деб тахмин қилади. Уларнинг фикрича, Ерга қачонлардир коинотдан меҳмонлар келган. Аммо ҳақиқат шуки, ўзга сайёраликлар ташрифи ҳеч қачон ўз исботини топмаган. Инсониятнинг энг буюк ютуқларига ғайритабиий тушунтириш бериш аслида қадимий цивилизацияларнинг зукколигини инкор этишдир.
Қуйида мана шундай фитна назарияларига асос бўлган Ер юзидаги энг улкан ва энг жумбоқли олти иншоот ҳақида.
Саксайуаман қалъаси

Қадимий Саксайуаман қалъаси Перудаги тарихий шаҳар Кусконинг замонавий бинолари фонида ажралиб туради. Жанубий Америкада яшаб, йирик империя ва цивилизация яратган инкаларнинг қадимий пойтахти бўлган Куско ташқарисида, Анд тоғлари бағрида жойлашган бу қалъа улкан тошлардан қурилган. Минг йиллик деворлар 220 тоннагача оғирликдаги тошлардан ясалган бўлиб, улар 20 милдан ортиқ масофадан олиб келиниб, лазер нури сингари аниқлик билан жойлаштирилган.

Бундай муҳандислик ютуғини қадимги одамлар қандай амалга оширгани – ҳайратланарли жумбоқ. Маълумотларга кўра, инкалар осмонни кузатиш ва тақвим тузишда қанчалик уста бўлса, уй ва қалъалар қуришда ҳам шунчалик моҳир бўлган. Дарвоқе, Саксайуаман бундай мураккаб меъморчиликнинг ягона намунаси эмас. Инка империяси даврида барпо этилган шунга ўхшаш деворлар кўплаб жойларда мавжуд, жумладан, Кускодаги 12 бурчакли тош девор ҳам жуда машҳур.
Сўнгги йилларда археологлар инкалар тошларни шаҳарларга олиб келишда арқон ва левер тизимидан фойдаланганини кўрсатувчи изларни топди. Бу эса тош деворларнинг тизимли куч ва зукколикка асосланганини исботлайди, “коинот муҳандислари”га эмас.
Қалъа жойлашган ҳудудни юқоридан томоша қилиш учун ҳавола устига босинг.
Наска чизиқлари

Перуда мавжуд яна бир ақл бовар қилмас қадимий ёдгорлик мамлакат чўлидаги гўёки тасодифий тарзда чизилган юзлаб узун оқ чизиқлардир. Улар орасида 430 та геометрик шакл ва ўргимчак, маймун ҳамда колибри каби ҳайвонлар тасвирлари бор. Сўнгги йилларда олимлар сунъий интеллект ёрдамида яна 300 та янги чизиқни аниқлади.

Энг узун чизиқлар бир неча юз метр давомида ўқдек тўғри кетади. Энг катта шакллар эса 365 метрдан узунроққа чўзилиб, фақат ҳаводан тўлиқ кўринади. Олимларнинг тахминига кўра, Наска чизиқлари 2 минг йилга яқин тарихга эга. Ёши, ҳажми, юқоридан кўриниши ва сирли табиати сабабли Наска чизиқлари кўпинча “ўзга сайёраликлар иши” деб тахмин қилинади. Ахир қандай қилиб қадимги одамлар учмасдан туриб чўлда бундай улкан шаклларни чизган ва нега?

Аслида, буни тушуниш осон: геоглифлар усти занглаган қизил тош қатламини олиб ташлаб, остидаги оқ қумни очиш орқали ҳосил қилинган. Аммо нима учун чизилгани мураккаб савол. XX аср бошида олимлар чизиқлар юлдуз туркумлари ёки қуёшнинг чиқиш-ботишига мослаштирилган бўлиши мумкин, деб ўйлашган. Ҳозирда эса тадқиқотчилар бу чизиқлар сув ва унумдорлик билан боғлиқ маросим жойларига ишора қилишини тахмин қилмоқда. Бундан ташқари, шакллар ҳаводан эмас, атрофдаги тепаликлардан ҳам кўринади.
Сиз эса ушбу ҳавола устига босиш орқали ҳайратланарли Наска чизиқларини онлайн томоша қилишингиз мумкин.
Миср пирамидалари

Қоҳира яқинидаги Гизада машҳур Миср пирамидалари саҳрони безаб турибди. 4,500 йил аввал Бронза даврида қурилган ушбу пирамидалар қадимий фиръавнлар ва маликалар учун барпо этилган улкан қабрлардир. Аммо қадимги мисрликлар миллионлаб аниқ кесилган, ҳар бири камида икки тонна оғирликдаги тошлардан ташкил топган бундай иншоотларни қандай қурган? Ахир, бундай пирамидаларни қуриш бугунги замонавий техника билан ҳам жуда мушкул иш ҳисобланади. Бундан ташқари, пирамидаларнинг осмон жисмларига, хусусан, Орион юлдуз туркумига мос жойлаштирилгани археологларни ҳайратга солиб келмоқда.

Қолаверса, пирамидаларнинг асрлар давомида жуда яхши сақланиб қолгани фитна назариётчиларини яна ўзга сайёраликлар ташрифи ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Бироқ таъкидлаш жоизки, шу вақтгача бу иншоотларда кўп бора таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Олимлар қадимги мисрликлар уларни қандай усулда ва қанча вақтда қурганини тўлиқ билмаслиги рост. Аммо далиллар шуни кўрсатадики, бу улкан қабртошлар минглаб инсонлар қўл меҳнати маҳсулидир.
Миср пирамидаларига юқоридан назар солиш учун ҳавола устига босинг.
Стоунхенж мегалитик иншооти

Буюк Британиянинг Солсбери шаҳри ташқарисида Неолит даврининг машҳур ёдгорлиги Стоунхенж тош давра тузиб турибди. Айланадаги баъзи тошларнинг оғирлиги 50 тоннагача етади ва улар юзлаб километрлардан олиб келинган. Швейцариялик ёзувчи Эрих фон Дэникен Стоунхенжни қуёш тизими модели ва ўзга сайёраликлар кемаларининг қўниш майдони деб тахмин қилган. Замонавий олимлар эса бундай иншоотларни 5 минг йил аввал мавжуд бўлган технологиялар ёрдамида қуриш мумкинлигини кўрсатиб беришди. Демак, бу ўзга сайёраликлар ижоди эмас, балки қадимги одамлар қўл меҳнатидир.

Бугунга келиб маълум бўлдики, тошлар қуёш чиқиши ва тутилиши ҳамда кун-тун тенгликларига мослаштирилган, бу эса Стоунхенж қурувчилари осмонни юқори аниқликда кузатганини англатади.
Ушбу ҳавола устига босиш орқали ҳайратланарли мегалитик иншоотни онлайн томоша қилишингиз мумкин.
Теотиуакан

Мексикадаги қадимий улкан шаҳарни ташкил қилган, “Худолар шаҳри” маъносини англатувчи Теотиуакан ибодатхоналари ўзининг астрономик мослашувлари ва пирамидасимон шакли билан барчани лол қолдиради.
2 минг йиллик ёши, ҳажман катталиги ва қурилиш мураккаблиги Теотиуаканни ғайритабиийдек кўрсатиши мумкин, аммо у мутлақо инсон қўли билан бунёд этилган. Олимлар тахминича, асрлар давомида мая, запотек ва микстек каби турли маданиятлар бирлашиб, 100 мингдан ортиқ одам сиғадиган шаҳарни барпо этган.

Деворий суратлар, асбоблар, транспорт тизими ва ривожланган деҳқончилик амалиётларига оид далиллари билан Теотиуакан кўпинча Мексика учун ҳаддан ташқари илғор технологик даражада деб ҳисобланади.
Улкан қадимий тош шаҳарни юқоридан томоша қилиш учун ҳавола устига босинг.
Пасха ороли

Жануби-шарқий Тинч океанида жойлашган Чилига қарашли Пасха оролининг яшил тепаликларида улкан тош ҳайкаллар – моайлар қад ростлаб туради. Ҳайкаллар ва улар атрофидаги ёдгорликлар бир қанча жумбоқларни келтириб чиқаради: қандай қилиб орол аҳли минг йилдан ортиқ вақт аввал бу ҳайкалларни ясаган ва қандай қилиб орол бўйлаб жойлаштириб чиққан?

Инсон қиёфасидаги тахминан 900 та тош ҳайкал оролдаги сўнган вулқон ён-бағрларида ястаниб турибди. Асосан, юмшоқ вулқон жинсидан ясалган ушбу ҳайкалларнинг баландлиги ўртача 3,94 метр, оғирлиги эса 14 тоннани ташкил этади. Моайларни ясашдан мақсад нима экани аниқ эмас, лекин улар катта эҳтимол билан диний маросимлар учун яратилган бўлиши мумкин. Оролда яшаган халқ – Рапа Нуилар тақдири ҳам сирлигича қолмоқда.
Ушбу ҳавола устига босиш орқали Тинч океани ўртасидаги оролда қад ростлаган ҳайратланарли Моай ҳайкаллари жойлашган ҳудудни онлайн томоша қилишингиз мумкин.
Live
Барчаси