Хатирчи ҳокими Исроилдан келган яҳудийларга дастурхон ёзди (видео)
Жамият
−
03 Июль 71031 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Хатирчи тумани ҳокими Умиджон Адизовнинг хорижда истиқомат қилувчи Бухоро яҳудийларини кутиб олиб, уларга дастурхон ёзгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Ҳокимлик томонидан берилган муносабатда Хатирчи туманига ташриф буюрган хорижлик яҳудийлар қачонлардир ўзлари, ота-боболари яшаб ўтган диёрнинг тарихий-маданий меросини ўрганиш, аждодлар қадамжоларини зиёрат қилиш, Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида келгани қайд этилган.
“Туман ҳокимининг ушбу меҳмонларни кутиб олгани халқимизга хос меҳмондўстлик ва бағрикенгликнинг яққол ифодасидир”, дейилган ҳокимлик муносабатида.
Тармоқларда сиздирилган видеода ҳоким Адизов улар учун эшиклар доимо очиқ экани, улар ҳаммавақт қадрланишини қайта-қайта таъкидлаган. Туман раҳбари туризм, иқтисодиёт сингари соҳаларда фаолият юритиш учун уларга кенг имкониятлар берилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш тобора авж олиб бораётгани боис Ўзбекистондаги исроилликлар ҳам огоҳлантирилганди. Хусусан, улардан жамоат жойларида яҳудий ёки Исроил рамзларини кўрсатмаслик, ижтимоий тармоқларда қаерда яшаётгани ёки қаерга саёҳат қилмоқчилиги ҳақидаги маълумотларни жойлаштирмаслик, Исроил ёки яҳудийлик билан боғлиқ оммавий тадбирлардан қочиш, маҳаллий хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилиш ва хавф туғилганда дарҳол уларнинг кўрсатмаларига амал қилиш, жамоат жойларида ҳушёр бўлиш сўралганди.
Live
Барчаси