Хоманаий АҚШ ва Исроилдан товон пули талаб қилди
Олам
−
09:20 7190 2 дақиқа
Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроилни “тажовузкорлар” деб атаб, Теҳрон улардан етказилган зарар учун албатта товон пули талаб қилишини билдирди. Бу ҳақда Хоманаий “Fars” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Унинг айтишича, Эрон ҳеч қачон ҳужум қилганларни тинч қўймайди ва компенсация ундириш масаласини охиригача олиб боради.
Хоманаий, шунингдек, Ҳормуз бўғозининг бошқаруви “янги босқич”га ўтишини маълум қилди. Бу масала Эроннинг АҚШ билан музокаралардаги асосий талабларидан бири ҳисобланади.
У Эрон уруш бошламаганини таъкидлаб, бироқ мамлакат ўз “қонуний ҳуқуқлари”дан ҳеч қачон воз кечмаслигини айтди. Шунингдек, у Эрон халқини “жанг майдонидаги шартсиз ғолиб” деб атади.
Қолаверса, Эрон етакчиси Форс кўрфази давлатларини “тўғри томонни танлашга” ва “алдов ваъдаларга учмасликка” чақирди.
Қайд этиш жоиз, 8 апрель куни АҚШ ва Эрон икки ҳафталик сулҳга келишган эди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон барча ҳарбий мақсадларга эришганини ва Теҳрондан 10 бандли таклиф олганини маълум қилган.
Маълумотларга кўра, тўғридан-тўғри музокаралар 10 апрель куни Исломободда ўтказилиши режалаштирилган.
Трамп эса сулҳнинг асосий шартларидан бири сифатида Ҳормуз бўғозининг очилишини кўрсатган. У агар Эрон келишувга амал қилмаса, АҚШ янада “кучлироқ зарбалар” бериши мумкинлигини айтган.
Шу билан бирга, НАТО доирасида ҳам Ҳормуз бўғози хавфсизлиги муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронни Ҳормуз бўғози орқали ўтувчи танкерлар учун тўлов олишни дарҳол тўхтатишга чақирганди.
Live
Барчаси