Хорватия туристлар учун алкоголь сотишни чеклади
Олам
−
15:38 708 2 дақиқа
Хорватия оммабоп туристик ҳудудларда ноқонуний ва ижтимоий тартибга зид ҳолатларни камайтириш мақсадида қонунчиликка кенг кўламли ўзгаришлар киритди. Бу ҳақда “Daily Express” хабар берди.
Янги қоидалар “party tourism” (байрам-туризм) деб аталадиган ҳодисага қарши кураш доирасида жорий этилган бўлиб, у маҳаллий аҳоли томонидан кўплаб шикоятларга сабаб бўлиб келаётган эди.
Қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, маҳаллий муниципалитетлар эндиликда алкогол маҳсулотларини тунги вақтда сотишни чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга бўлади. Жумладан, соат 20:00 дан 06:00 гача бўлган вақт оралиғида алкогол сотишни чеклаш имконияти берилган.
Бу чекловлар асосан кўчадаги дўконлар, мини-маркетлар ва тунги етказиб бериш хизматларига татбиқ этилиши мумкин. Бироқ барлар, ресторанлар ва лицензияланган умумий овқатланиш муассасаларига бу қоидалар тўлиқ қўлланмаслиги кутилмоқда.
Янги тартибни қўллаб-қувватлаган илк шаҳарлардан бири Сплит бўлди. Бу шаҳарда аҳоли туристлар томонидан келиб чиқадиган шовқин, маст ҳолатдаги хулқ-атвор ва жамоат тартибининг бузилиши ҳақида кўплаб шикоятлар билдириб келган.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари янги чекловлар жамоат тартибини яхшилашга ва туристик марказларда аҳоли учун қулай муҳитни сақлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Шунингдек, янги қонунчиликда вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича янада қаттиқроқ чоралар ҳам назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиландда тушлик вақтида алкоголь ичимликларини сотишни тақиқловчи ярим асрдан ортиқ амал қилган чеклов бекор қилинганди. Ҳукумат 14:00 дан 17:00 гача алкоголь сотишга рухсат берган ва эскирган қонун нормаларини юмшатган. Ресторан эгаларига кўра, бу ўзгаришлар муассасаларнинг даромадини камида 20 фоизга ошириши мумкин.
Live
Барчаси