Ким Чен Ин Россиядан қайтган аскарларини тантана билан кутиб олди

Олам

image

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 12 декабрь куни Россияда хизмат вазифаларини бажариб қайтган армия муҳандислик бўлинмаси учун ўтказилган кутиб олиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда кеча, 13 декабрь куни Корея марказий ахборот агентлиги хабар қилди.

Ким Чен Ин Корея Халқ Армиясининг 528-муҳандислар полки офицерлари ва аскарларини ҳукмрон Корея Меҳнат партияси томонидан берилган буйруқларни 120 кунлик хорижий хизмат давомида бажаришда кўрсатган “қаҳрамонлик” учун мақтади. Шимолий Корея тарқатган видеоларда ҳарбий формадаги аскарларнинг самолётдан тушаётгани, Кимнинг ногиронлар аравачасида ўтирган аскарни қучоқлаётгани, шунингдек, аскарлар ва мансабдор шахсларнинг қўшинларни кутиб олаётгани акс этган.

Агентлик маълумотига кўра, ушбу бўлинма август ойи бошида жўнатилган бўлиб, Россиянинг Курск вилоятида Москва билан Киев ўртасидаги уруш давомида жанг ва муҳандислик вазифаларини бажарган.

Ўтган ой Россия Мудофаа вазирлиги Украина қўшинларининг ғарбий Курск вилоятига йирик кириб келишига барҳам беришда ёрдам берган шимолий кореялик ҳарбийлар ҳозирда ҳудудни миналардан тозалашда муҳим роль ўйнаётганини маълум қилган эди.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро мудофаа тўғрисидаги келишувга мувофиқ, Шимолий Корея ўтган йили Курск вилоятида Россия томонида жанг қилиш учун тахминан 14 минг аскар юборган. Жанубий Корея, Украина ва Ғарб манбаларига кўра, улардан 6 мингдан ортиғи ҳалок бўлган.

Ким миссия давомида тўққиз нафар аскар ҳалок бўлганини айтди ва буни “юракни эзувчи йўқотиш” деб атади. У, шунингдек, полк “Эркинлик ва мустақиллик” ордени билан тақдирланишини эълон қилди. Ҳалок бўлган тўққиз нафар ҳарбийга “Корея Халқ Демократик Республикаси Қаҳрамони” унвони ва бошқа давлат мукофотлари берилган.

Қўшинларни кутиб олиш маросими 12 декабрь куни Пхеньянда бўлиб ўтди. Унда юқори лавозимли ҳарбийлар, ҳукмрон партия раҳбарлари, аскарларнинг оила аъзолари ва кўп сонли фуқаролар иштирок этди.

Ким полк жанг шароитида хавфли ҳудудларни тозалаганини, партия ва давлатга “мутлақ садоқат” намоён этганини таъкидлади. Шунингдек, у ҳарбийлар орасидаги сиёсий тарбия, интизом ва бирдамликни юқори баҳолаб, уларнинг фаолиятини қуролли кучлар учун намуна деб атади.

Шимолий Корея Украинадаги урушда Россия томонида жанг қилган ҳарбийларини очиқ тарзда улуғлаб келмоқда. Август ойида Ким хориждаги операцияларда иштирок этган офицерлар билан учрашувда уларни мақтаган, аввалроқ эса давлат ОАВлари Россия қўшинлари билан бирга ҳалок бўлган аскарларнинг жасадлари ватанга қайтарилаётган пайтда Кимнинг тобутларга давлат байроғини ёпиб қўяётган кадрларни намойиш этган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея Росси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг