Қадоқдаги заҳар. Саратон, бепуштлик ва ўлимни пулимизга сотиб оляпмиз
Интервью
−
23 Апрель 46775 4 дақиқа
Дунё миқёсида энг катта даромад келтираётган соҳалардан бири ҳақида гап кетганда, кўпчилик қурол-яроғ савдосини тилга олади. Аммо ҳақиқат бундан бошқачароқ. Инсон онгига мунтазам реклама орқали сингдирилган дори-дармонлар, биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ва витаминлар бозори аллақачон миллиардлаб фойда келтираётган глобал бизнесга айланиб улгурган.
“Ҳар қандай касалликка даво”, “тез оздиради”, “семиртиради”, “ёшартиради” каби шиорлар билан реклама қилинаётган қўшимчалар кўпчиликни ўзига жалб қилади. Аммо савол туғилади: ростдан ҳам бу воситалар шунчалик мўъжизакорми? Бу борада қарийб 50 йиллик тажрибага эга тиббиёт фанлари доктори, Санитария, гигиена ва касбий касалликлар илмий-тадқиқот институти, Овқатланиш гигиенаси лабораторияси мудири профессор Анатолий Худайбергановнинг сўзларига кўра, мушак ҳажмини ошириш учун истеъмол қилинадиган айрим протеин қўшимчалари эркакларда бепуштликка олиб келиши мумкин.
“Спортчилар учун махсус бойитилган озуқа қўшимчалари ишлаб чиқарилади. Улар орасида энг кенг тарқалгани протеин бўлиб, бугунги кунда бундай маҳсулотлар ҳатто оддий дўкон ва бозорларда ҳам очиқча сотилмоқда. Бироқ бундай қўшимчаларни назоратсиз қабул қилиш 5–6 йилдан кейин эркакларда бепуштликка олиб келиши мумкин. Шунингдек, В12 ва В6 витаминларини ҳам меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш мумкин эмас. Уларнинг ортиқча миқдори моддалар алмашинувига таъсир кўрсатиб, эндокрин касалликларни келтириб чиқаради. Айниқса, А витамини чақалоқлар учун хавфли ҳисобланади – у шифокор тавсиясисиз қабул қилинганда оғир асоратларга, ҳатто ўлимгача олиб келади”, дейди Худайберганов.
Яна бир муҳим маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз. 2015 йилда қабул қилинган “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонуннинг 10 моддасида бош давлат санитария шифокорининг ваколатларида янги озиқ-овқат қўшимчаларини, махсус қўшиладиган биологик фаол моддаларни, кимёвий моддаларни, биологик воситалар ва материалларни, полимер ва пластик массаларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолаш асосида уларнинг Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши ва ишлаб чиқарилиши учун рухсатномалар бериши кўрсатилганди.
Бироқ 2026 йил 31 мартда Адлия вазирлиги томонидан ҳисобга олинган “Биологик қўшимчаларни ишлаб чиқариш корхоналарига, шунингдек биологик фаол қўшимчаларнинг ишлаб чиқарилиши, хавфсизлиги ва муомаласига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор билан БФҚларнинг ишлаб чиқарилиши ва уларнинг айланмасига қўйиладиган гигиеник талаблар ўз кучини йўқотмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 апрелдаги 154-сонли “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори билан эндиликда жисмоний шахслар хориждан 10 хил номдаги бирламчи қадоқда бўлган 3 килограммгача биологик фаол қўшимчаларни ҳар биридан битта қадоқдан ошмаган миқдорда бемалол олиб киришлари мумкин. Бу эса, назорат масаласини янада долзарб қилади. Таҳририятга келиб тушган мурожаатлар ҳам айнан шу муаммони кўрсатмоқда. Кўпчилик озиш ёки семириш мақсадида катта маблағ сарфлаб, охир-оқибат соғлиғидан айрилганини билдирди.
“Мен 10 йил роса ичганман. Биринчи ичганимда саккизинчи синф эдим. Ўшанда дорихонадан жуда қимматга олганман. Кейин ҳар хил оздирадиган дори, БАДларни ичиб жигаримни ишдан чиқардим”, дейди мурожаатчилардан бири.
БФҚ дори воситаси бўлмагани туфайли ушбу маҳсулотни исталган тадбиркор ишлаб чиқариши мумкин. Ўзбекистонда ҳам мазкур фаолият билан шуғулланадиган бир қанча ишбилармонлар бор. Ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳам сотиш ҳам анча осон. Интернет маркетингининг ишонувчан фойдаланувчилари рекламаларга ёки реклама қилаётган машҳурларнинг сўзларига ишониб фаол қўшимчаларни сотиб олмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, реклама қонунчилигида таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг, алоҳида шахсларнинг миннатдорлигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситасининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланишни тақиқлаш белгилаб қўйилган. Бироқ биологик фаол қўшимчалар дори воситаси бўлмагани учун мазкур тақиқ ишламайди. Шу сабабли, ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, кириб келиши ҳамда реклама қилиниши ортган. Бу эса, кишилар ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин.
Соғлиқ – тажриба майдони эмас. БФҚ ва витаминлар оддий қўшимча бўлиб кўринса-да, уларнинг ҳар бири организмга маълум даражада таъсир қилади. Нотўғри дозада ёки ўзбошимчалик билан қабул қилинганда улар фойда ўрнига зарар етказиши, ҳатто мавжуд касалликларни кучайтириши мумкин. Ҳар қандай қўшимчани қабул қилишдан аввал мутахассис билан маслаҳатлашиш – бу ортиқча эҳтиёт эмас, балки онгли танловдир.
Тафсилотлар билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси