Лавров Россия Эронга ёрдам жўнатганини тасдиқлади

Олам

image

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров телефон орқали Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан суҳбатлашди ҳамда Эронга Россиядан янги гуманитар ёрдам партияси етказиб берилгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда вазирлик хабар берди.

Суҳбат давомида томонлар Яқин Шарқдаги давом этаётган ҳарбий-сиёсий инқирозни ҳам муҳокама қилган. Россия томони бу вазиятни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши “асоссиз агрессияси” билан изоҳлаган.

Вазирлар можарони халқаро ҳуқуқ асосида дипломатик йўл билан ҳал қилиш истиқболларини ҳам кўриб чиққан. Бунда барча минтақа давлатлари, жумладан Эрон ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши аъзолари манфаатларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланган.

Аббос Ароқчи суҳбат давомида Россияга кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирган ва Теҳрон АҚШ ҳамда Исроил ҳаракатларига қарамай ўз миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилишини айтган.

У, шунингдек, Ҳормуз бўғозидаги хавфсизлик муаммолари айнан Вашингтон ва Тель-Авив ҳаракатлари оқибати эканини таъкидлаб, Эрон "агрессор" давлатлар кемаларининг ўтишини чеклашга ҳақли эканини билдирган.

Россия можаро бошидан бери Теҳронни қўллаб-қувватлаб келмоқда. 2025 йилнинг январида икки давлат ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланган бўлиб, у ўзаро ҳарбий ёрдам мажбуриятини назарда тутмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Яқин Шарқдаги можарони коронавирус пандемиясига ўхшатганди ва унинг оқибатларини олдиндан аниқ айтиш қийинлигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сергей Лавров Аббос Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг