Мактабларда навбатчилик қилиш топшириғи вазирлик томонидан берилгани маълум бўлди

Жамият

image

Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар тун-у кун навбатчиликда туришга мажбур қилинаётгани, бунинг ортидан туман ҳудудидаги 37-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаб келаётган Х.Н. вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг буйруғига асосан вазифасидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди. Маълум бўлишича, ўқитувчиларни тун-у кун навбатчиликка жалб қилиши топшириғини вазирликнинг ўзи берган. Бу ҳақда таълим муассасаларига юборилган топшириқ ҳатида сўз боради.

Тармоқларда тарқалган ҳужжат хизмат доирасида фойдаланиш (ХДФУ) учун грифи билан чиқарилганини кўриш мумкин. Унда 2025 йил 25 декабрдан 2026 йил 5 январга қадар 24 соатлик узлуксиз навбатчиликни ва ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш сўралган.

“Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 декабрдаги 245-сонли “Янги йил байрамини юқори даражада ўтказишга тайёргарлик кўриш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги баёнининг 28-бандига мувофиқ, жорий йилнинг 25 декабридан 2026 йил 5 январига қадар 24 соатлик узлуксиз навбатчилик ҳамда ҳудудий штаблар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. 

Юқоридагиларни инобатга олиб, ўзингиз раҳбарлик қилаётган таълим муассасасида белгиланган муддатларда 24 соатлик узлуксиз навбатчиликни ҳамда штаб фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолиятини таъминлашингиз сўралади”, дейилади хатда.

Қайд этиш жоиз, ушбу топшириқни бажарган Фарғона вилояти Бувайда туманидаги 37-мактаб директори вазифасини бажарувчи Х.Н. ишдан олинган эди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ушбу ҳолат бўйича муносабат билдириб, Х.Н. томонидан педагогик жамоага уларнинг лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифа юкланганини, амалдаги тартибларга зид равишда навбатчилик қилишлари талаб этилгани аниқланганини қайд этган.

Шунингдек, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликни сўраган эди.

“Тизим раҳбарлари келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилди. Ҳурматли ижтимоий тармоқ кузатувчилари ва фойдаланувчиларидан битта мактабдаги жараённи бутун тизимдаги ҳолат сифатида баҳоламасликларини сўраб қоламиз”, дейилади муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Жумаева Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг ташрифи муносабати билан аёлларни мажбурий меҳнатга, яъни пахта теримига жалб этгани ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда туман ҳокимлиги пахта теримига чиққан аёлларнинг “кўнгилли” эканини, улар “ўз ихтиёри” билан бунга рози бўлганини иддао қилганди. Кейинчалик эса ўша аёллар ростдан ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилингани ўз тасдиғини топди, Нигора Жумаевага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисми асосида жарима қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мактаб навбатчилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг