“Манчестер Сити” голларга бой учрашувда ғалаба қозонди
Спорт
−
03 Декабрь 2631 2 дақиқа
Кеча, 2 декабрь куни Англия Премьер-лигасининг 14-тури доирасида “Манчестер Сити” Лондонда меҳмон бўлиб, “Фулҳем”га қарши голларга бой ўйинда 5:4 ҳисобида зафар қучди.
Учрашув “шаҳарликлар”нинг фаол босими остида бошланди. Ҳоланд, Рейндерс ва Фоденинг голлари эвазига меҳмонлар биринчи бўлимни ўз фойдасига якунлади. “Фулҳем” эса танаффус олдидан Эмиль Смит Роунинг голи билан ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимда ҳам Фоден ўз ўйинини давом эттирди ва яна бир бор жамоасини олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, Сандер Бергенинг автоголи “Сити”га қулай устунлик берди ва ҳисоб 5:1 кўринишига келди. Бироқ катта устунлик Пеп Гвардиола шогирдларини бироз бўшаштириб қўйгандек бўлди. “Фулҳем” бунга жавобан кетма-кет голлар урди. Аввал Алекс Ивоби ўз номини таблога ёздирган бўлса, Самуэль Чуквуезе икки бор дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни 4:5 кўринишига олиб келди. Шунга қарамай, “Сити” ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳисобни ушлаб қола олди ва 9 та гол киритилган баҳсда муҳим 3 очкога эга бўлди.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов мазкур турда ҳам майдонга тушмади ва ўйинни захирадан кузатди.
Ушбу ғалаба “Манчестер Сити”га 28 очко билан турнир жадвалида 2-ўринга мустаҳкам жойлашиш имконини берди. “Фулҳем” эса 17 очко билан 15-поғонада бормоқда.