Марказий Осиё давлатлари дипломларни ўзаро тан олиши рад этилди

Олам

image

Аввалроқ, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатлари томонидан берилган таълим тўғрисидаги дипломлар эндиликда ушбу давлатлар ҳудудида тўғридан тўғри тан олиниши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолат юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларда берилган дипломларни тан олиш Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида”ги низом талаблари асосида амалга оширилади. Мазкур низом билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўғридан тўғри тан олинадиган хорижий давлатлар томонидан берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатлар тоифалари белгиланган.

“Юқорида келтирилган маълумотлар асоссиз бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон дипломларини ўзаро тан олиш бўйича халқаро шартнома мавжуд эмас. Мазкур давлатларда хорижий давлатлар томонидан берилган таълим олганлик ҳақидаги дипломларни тан олиш уларнинг миллий қонунчилигида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади”, дейилади хабарда.

Қайд этиш жоиз, бу ҳақдаги хабарлар дастлаб Қозоғистон нашрлари томонидан тарқатилди. Уларда Қозоғистон ҳукумати жорий йилнинг 12 ноябрь куни “Қозоғистон Республикаси ҳукумати, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Тожикистон Республикаси ҳукумати, Туркманистон ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида олий таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим”ни тасдиқловчи қарорни имзолагани ҳақида сўз боради. Бироқ бу ҳақдаги келишувга қачон ва қаерда эришилгани ҳақида маълумот берилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

диплом Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг